Спорт билан шуғулланганлар рағбатлантирилади
Қашқадарё вилоят спорт бошқармаси масъуллари иштирокида ОАВ вакиллари учун “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил таъкидлаб ўтилди.
Эндиликда спортга ҳавасманд оддий аҳоли вакиллари ёшидан қатъий назар имкониятига қараб спорт синовларидан ўтиши мумкин. Бунинг учун дастлаб my.sport.uz платформасидан рўйхатдан ўтиш лозим. Спорт синовлари мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида қабул қилинади.
Аҳолининг ёш тоифасига қараб 7 ёшдан 17 ёшгача 1-йўналиш март-апрел ойларида, 18 ёшдан 29 ёшгача 2-йўналиш апрел-май ойларида. 3-йўналиш 30 ёшдан 49 ёшгача август-сентябр ойларида ўтказилиши мўлжалланмоқда. 50 ёш ва ундан катта ёшдаги шахслар учун 4-йўналиш октябр-ноябр ойларида ўтказилиши белгиланган.
[gallery-18615]
Энг муҳими, бу синовларда иштирок этиб, ғолибликка эришилса, кўплаб ютуқ ва имтиёзларга эга бўлиш имконияти ҳам яратилган. Жумладан, спорт синовларининг ихтиёрий талабларини бажарган ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилади. Махсус талабларни бажарган ғолиб ва совриндорлар I, II, III даражали “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар, шунингдек, бир йил мобайнида турли имтиёзлар билан рағбатлантирилади.
Масалан, ҳарбий хизмат тўловига 50 фоиз чегирма, “Темурбеклар мактаби”га имтиёзли қабул, дам олиш масканларига йўлланма, ишга ва ўқишга қабул қилинишида имтиёз (олий таълим муассасалари спорт йўналишидан ташқари), кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик бепул тиббий кўрик, ғолибларга жамоат транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов, ғолиб ва совриндорлар фарзандларига мактаб, МТМ ва оромгоҳларга имтиёзлар бор.
Аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилаётган бу каби мусобақалар албатта ўзининг ижобий самарасини бермай қолмайди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари