Спартакиадада кучли самбочилар аниқланди
Тошкент шаҳридаги "Жар" спорт мажмуасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари ўртасидаги спартакиада тизимидан ўрин олган самбо баҳслари ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли ўтди.
Боиси, беллашувларда иштирок этган барча курашчилар, яъни мусобақада 7 та вазн тоифасида беллашган спортчиларнинг разряд кўрсаткичи камида спорт ўстаси эди.
Қолаверса, мусобақаларда халқаро мусобақаларда, жаҳон ва қитъа чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган тажрибали самбочиларнинг борлиги спартакиаданинг самбо беллашувларига эътиборни янада оширишга олиб келди.
Спартакиаданинг шиддатли курашлари натижасида тўртта вазнда Хавфсизлик хизмати, иккита вазнда Ички ишлар вазирлиги ва битта вазнда Миллий гвардия спортчиси ғолиблик шохсупасига кўтарилди.
Ўз вазн тоифаларида У.Раҳмонов, И.Эшмуродов, К.Холматов, И.Отабоев, Т.Асроров ва С.Эрназаров, Ш.Нуритдинов, А.Ражабов ва Д.Холиқулов каби бир қатор маҳоратли спортчилар ғолиб ва совриндор бўлишди.
Муносиблар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом, кубок ва бошқа совғалар билан тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА