“SpaceX” компанияси тарихий рекорд ўрнатди
Илон Маскнинг "SpaceX" компанияси АҚШ молия тизими тарихидаги энг йирик IPOни якунлади. Шу тариқа фазовий корпорация триллионлаб долларлик энг қиммат компаниялар қаторига қўшилди.
Компания акцияни оммавий жойлаштириш жараёнини якунлади. Биржадаги дастлабки савдода акция 135 доллардан баҳоланиб, жами 75 миллиард доллар сармоя жалб этилди. Натижада коинот корпорациясининг умумий бозор капитализацияси рекорд даражадаги 1,77 триллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур тарихий жараёнда инвесторларга жами 555,56 миллион нусха акция таклиф қилинди. Ушбу кўрсаткич эвазига “SpaceX” сайёрамизнинг энг қимматбаҳо гигантлари сафидан жой олди. Ҳозир корхона қиймати жиҳатидан “Meta Platforms”, “JPMorgan Chase”, “Tesla”, “Berkshire Hathaway” ва “Eli Lilly” каби дунё тан олган йирик корпорацияларни ортда қолдирмоқда. Компания қимматли қоғозлари расман “Nasdaq” биржасида муомалага киритилади. Инвесторлар ва молия бозори қатнашчилари ушбу IPO натижасини қизиқиш билан кузатмоқда. Таҳлилчилар фикрига кўра, яқин ҳафталардаги савдо компания шу қадар юқори баҳолангани қанчалик ўринли эканини тасдиқлайди.
Қайд этиш жоиз, “SpaceX” бу натижа билан 2019 йил 25,6 миллиард доллар тўплаб, дунё рекордини ўрнатган Саудия Арабистони “Saudi Aramco” миллий нефть компанияси кўрсаткичини янгилади. Жуда кўп акция сотилганига қарамай, Илон Маск компанияни бошқариш тизгинини қўлида сақлаб қолади. Маълумотга кўра, у “SpaceX” ихтиёридаги овоз бериш ҳуқуқининг 82 фоиз улушига эга. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу тарихий воқеа АҚШда оммавий акция бозори қайтадан юксалиш даврига қадам қўйганидан дарак берди. Мавжуд таҳлилий фаразга таянилса, 2026 йил якунига қадар глобал IPO бозорида жалб қилинадиган жами маблағ 160 миллиард долларга етиши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА