Сўз фестивал иштирокчиларига
Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида халқаро “Атлас байрами” V анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтмоқда. Унда Туркия, Италия, Испания, Франция, Латвия, АҚШ, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон, Таиланд, Бангладеш, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан ҳунармандлар, маданият арбоблари, дизайнер ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Биз уларнинг таассуротлари билан қизиқдик.
Муҳаммад Асим (Ҳиндистон): – Ўзбекистон, хусусан, Марғилон ҳақида ота онамдан эшитиб, қизиқишим йил сайин ортарди. Бугун гўзал шаҳарга келганимдан мамнунман. Таассуротларим бир олам. Айниқса, бу ернинг самимий ва очиқ чеҳрали одамлари, ёқимли об-ҳавоси таърифига тил ожиз. Ўзим матоларни бўяш билан шуғулланаман. Марғилонлик уста-ҳунармандлардан кўп нарсаларни ўргандим. Келгусида яна мамлакатингизга келишни режалаштирдим.

Васа На (Мўғулистон): –Материалшунослик бўйича илмий иш олиб бораман. Изланишларимга алоқадор жиҳатлари кўплиги учун ҳам ушбу фестивалга қатнашмоқдаман. Бу сеҳрли ва ҳузурбахш соҳага айни пайтда янги технологиялар, инновацион лойиҳалар татбиқ этилмоқда. Лекин марғилонлик усталарнинг ўз йўналиши ва услублари жуда қизиқарли. Атлас ва адрасга қадимдан қўлланиб келаётган услублар воситасида ажабтовур нақш ва жило бахш этилиши мени ҳайрон қолдирмоқда. Бу ерда пахта, жун ва ипак матоларни тайёрлашнинг ўзгача йўлларини кузатяпман. Барчаси учун ҳунармандларга раҳмат айтгим келди.


Абдуқаҳҳор Ҳамдамов (Тожикистон): –Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётгани биз каби ҳунармандлар учун қувонарли ҳол, албатта. Ҳар доим бу каби турли анжуман ва фестиваллардан бир олам таассурот билан қайтаман. 2019 йили Қўқонда ўтган ҳунармандлар фестивалида 2-ўрин соҳиби бўлган эдим. Ўтган давр мобайнида ўзбекистонлик ҳамкасбларимдан ўрганганларимни амалиётга жорий қилдим ва ижобий натижаларга эришдим. “Атлас” фестивали ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман.
ЎзА мухбири М.Сулаймонов суҳбатлашди