Сохта ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди
Инсон ҳамиша ҳалол ризқ билан турмуш кечириб, рўзғор тебратишга интилади. Бунинг учун пешона тери тўкади. Ақл-заковатини ишга солади. Ахир тўғри йўл билан топилган луқма тотли, ширин бўлади. Эгри йўл билан топилгани кишида хавотир уйғотиб, танага сингмайди. Кўнгилни ёритмайди. Эртами, кечми, вақти келиб, бу қилмишидан пушаймон чекишга сабаб бўлади.
Афсуски, орамизда шундай инсонлар ҳам борки, эгри йўл билан даромад топишни ўзига одат қилади. Бир кун сири фош бўлишини билса-да, бу ишнинг этагидан тутиб, кўзани кунда эмас кунида синдириб қўяди.
Ангорлик Собир Валлаев (исм-шариф ўзгартирилди) ҳам пешона тери билан пул топиш илинжида Россия давлатига боради. Лекин, тасодифни қарангки, у ерда Ёқуб исмли шахс билан танишгач, унинг бу фикри ўзгаради. Унда қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси борлигини билгач, бу ҳужжатни сотиб олади. Россия тарафда ундан фойдаланиб, даромад ҳам топади. Кунлардан бир кун унинг хаёлига хориждан қайтиб, шу ҳужжат билан мамлакатимизда автомашина бошқариш фикри келиб қолади. “Ҳайдовчилик гувоҳномасининг сохталигини бегона юртда ҳеч ким сезмади. Демак бу ҳужжат билан Ўзбекистонда ҳам автомашина бошқариб юрса бўлар экан”, деган ўй уни Ватанга қайтишга ундайди.
Шундай қилиб, С.Валлаевни кенг, равон йўлда бамайлихотир автомашина бошқариб бораётганида ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ходимлари тўхтатиб, ҳужжатлари билан танишади. Эътибор бериб қарашса, у қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиб юрибди. Бу ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят иши қўзғатилади.
Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Ангор тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, сохта ҳайдовчи саргузаштларига чек қўйилди. С.Валлаевга Жиноят Кодекснинг тегишли моддалари билан жазо тайинланди.
Аслида жиноятчига берилган ҳар қандай жазо уни тарбиялаш, тўғри йўлга бошқариш учун тайинланади. Қинғир ишга қўл уриб, жазо олган С.Валлаев бу қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, унинг жиноят кўчасига қайта қадам босмаслиги учун аччиқ сабоқ бўлса, ажабмас.
Суюн Бўтаев,
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти,
Ангор туман суди раиси
ЎзА