Сўнгги йилларда тасвирий санъатга, хусусан, рассомлар ижодига бўлган эътибор тобора ортиб бормоқда
Мамлакатимизнинг турли шаҳарларидаги кўргазма залларида намойиш этилаётган ижод намуналари санъат ихлосмандларини ўзига жалб этмоқда. Ана шундай эътиборга молик маданий воқеалардан бири — Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтди.
“Чўққилардаги сеҳрли олам” деб номланди кўргазма томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Наманган вилоятининг Учқўрғон шаҳрида оддий хизматчи оиласида вояга етган истеъдодли рассом Комилжон Қамбаровнинг 65 йиллик юбилейига бағишланган мазкур кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбарлари, маданият арбоблари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари, Наманган вилоятининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Комилжон Қамбаров кам учрайдиган ва ўзига хос маҳорат талаб этадиган акварел санъати йўналишида ижод қилади. Унинг асарларида табиатнинг бетакрор гўзаллиги, тоғ манзараларининг мафтункорлиги ва она юртга бўлган меҳр ифодаси акс эттирилган. Айниқса, Наманганнинг сўлим қишлоқлари ва Нанай тоғлари манзаралари рассом ижодида алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, у маиший жанрда ҳам асарлар яратиб, ҳаётнинг оддий, аммо мазмунли лаҳзаларини маҳорат билан тасвирлайди.
[gallery-32115]
Акварел — нозик дид, сабр-тоқат ва юксак маҳорат талаб этадиган санъат тури. Рассомнинг таъкидлашича, сув ва бўёқ билан ишлаш жараёнида ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг муҳим аҳамиятга эга. Йўл қўйилган кичик бир хато ҳам асарнинг дастлабки нияти ва кўзланган натижасига таъсир қилиши мумкин. Шу боис акварелда ижод қилиш рассомдан катта тажриба, аниқлик ва ранглар уйғунлигини ҳис этиш қобилиятини талаб этади. Яқинда туркиялик рассомлар билан бўлиб ўтган суҳбатларда Ўзбекистон акварелчи рассомларини бирлаштириш, улар учун ижодий гуруҳ ташкил этиш ва халқаро миқёсда дўстона ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундай ташаббуслар миллий акварел санъатимизни кенг тарғиб этиш, ижодкорлар ўртасида тажриба алмашиш ва янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши мумкин. Комилжон Қамбаровнинг “Чўққилардаги сеҳрли олам” номли кўргазмаси нафақат рассомнинг кўп йиллик ижодий изланишлари самараси, балки юртимиз табиати ва гўзаллигини санъат орқали намоён этишга бўлган интилишининг ҳам ёрқин ифодасидир. Санъат — қалблар ўртасидаги кўприк. Акварел эса сув ва ранглар орқали ана шу қалб туйғуларини қоғозда жонлантиради.
Мунира Рамазонова,Ойбек Пардаев, ЎзА