“Сўнгги қўнғироқ” – орзулар сари янги қадам
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки кайфият, самимий туйғулар ва унутилмас лаҳзалар оғушида ўтди.
Ана шундай тантанали тадбирлардан бири Фарғона шаҳридаги 25-умумтаълим мактабида ташкил этилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга қарата билдирган эзгу тилаклари, илм-маърифатга интилиш, Ватанга муҳаббат ва юксак мақсадлар сари дадил одимлаш ҳақидаги фикрлари йиғилганларга алоҳида руҳ ва илҳом бағишлади.
[gallery-29624]
Маросимда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Айюбхон Раҳматуллаев иштирок этиб, янги ҳаёт остонасида турган битирувчи ёшларни самимий қутлади. У ўз сўзида мамлакат келажаги бўлган ёшларга катта ишонч билдириб, уларнинг ҳаёт йўлида муваффақият, қатъият ва юксак марралар тилади.
Байрам доирасида фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ҳамда турли кўрик-танловларда муносиб натижаларга эришган, ўқишда фаоллиги ва ибратли хулқи билан тенгдошларига намуна бўлган ўқувчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Куй-қўшиқлар, миллий ва замонавий рақслар, бадиий чиқишлар билан безатилган тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
“Сўнгги қўнғироқ” нафақат мактаб ҳаётининг якун нуқтаси, балки орзу-интилишлар, улкан мақсадлар ва мустақил ҳаёт сари ташланган муҳим қадам сифатида битирувчилар хотирасида узоқ сақланади.
Муқимжон ҚОДИРОВ олган (сурат), ЎзА