“Солиқчи – кўмакчи” тамойили давом этади
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда йиғилганларга вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи М.Маматханов жорий йилнинг II-чораги давомида вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланишича, мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан кейинги пайтда адолатли, шаффоф ва узоққа мўлжалланган ислоҳотлар амалга ошириб келиняпти. Бунинг натижасида бутунлай янги солиқ маъмурчилиги юзага келди. Таъкидлаш лозим, тадбиркорлар бунинг амалий таъсири ва натижасини аввалгидай чиройли сўзларда эмас, балки ўзларининг кундалик фаолиятида ҳис этмоқда.

Буни вилоятда солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажарилиш даражаси 80 фоиздан 95 фоизга кўтарилганидан ҳам билиш мумкин. Қолаверса, солиқ юкининг тенг тақсимланиши ва пасайиши натижасида вилоятда ўтган йилга нисбатан фойда солиғи тўловчилари 15,2 бараварга, сув солиғи тўловчилари 36,5 бараварга ва ер солиғи тўловчилари 38 баравар кўпайди.

Шунингдек, йиғилганларга солиқ маъмурчилигидаги ўзгаришлар, хусусан, тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликларини олдини олиш учун жорий қилинган “Солиқ ҳамкор” тизими ва бугунги кунда ушбу тизим орқали вилоятда жамоатчилик назоратининг фаоллашгани ҳақида маълумот берилди.

Очиқ мулоқот ва самимий руҳда ўтган матбуот анжуманида журналистлар ва блогерлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Тадбирда вилоят давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига бағишланган видео-лавҳалар ҳам намойиш этилди.

Тадбирда солиқ маъмурчилиги, хусусан вилоятда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосидаги фаолиятларини ёритишга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ журналист ва блогерларга 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов,ЎзА