Солиқ текширувларида 19,3 триллион сўмлик тафовутлар аниқланди
Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ўз самарасини бермоқда. Буни 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган камерал солиқ текширувлари натижалари ҳам тасдиқлайди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида 18,2 минг нафар солиқ тўловчида камерал текширув ўтказилган бўлиб, бу республикада фаолият юритаётган 601 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг атиги 3 фоизини ташкил этган.
Шунга қарамасдан, мазкур текширувлар давомида 19,3 триллион сўмлик солиқ тафовутлари аниқланди. Бу эса солиқ назоратида рақамли технологиялар ва хавф таҳлили тизими тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
Камерал текширувнинг асосий афзаллиги шундаки, у тадбиркор фаолиятига чиқмасдан, электрон ҳисоботлар, электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса маълумотлари ва бошқа ахборот тизимлари орқали амалга оширилади. Бу эса ортиқча текширувларни камайтириш, инсоний омилни қисқартириш ва назоратнинг аниқлигини таъминлаш имконини беради.
Таҳлилларга кўра, энг катта тафовутлар қўшилган қиймат солиғи (10,7 триллион сўм) ва фойда солиғи (6,3 триллион сўм) ҳисобига тўғри келган. Шунингдек, аксиз солиғи бўйича 764 миллиард сўм, жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича эса 611 миллиард сўм тафовут аниқланган.
Соҳалар кесимида эса энг юқори кўрсаткич умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келиб, бу йўналишда 9,7 триллион сўмлик тафовут қайд этилган. Кейинги ўринларда қурилиш (4,2 триллион сўм), ишлаб чиқариш (3,1 триллион сўм), транспорт (1,1 триллион сўм) ҳамда қишлоқ хўжалиги (660,1 миллиард сўм) соҳалари қайд этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу рақамлар айрим тармоқларда солиқ ҳисобини юритиш сифати ва молиявий интизомни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади. Шу билан бирга, камерал текширувлар профилактик аҳамиятга ҳам эга бўлиб, аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчиларга талабномалар юборилади ва уларга камчиликларни ихтиёрий бартараф этиш имконияти яратилади.
Бугунги кунда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш давлат бюджети даромадларини барқарор таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва барча тадбиркорлар учун адолатли рақобат муҳитини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Ярим йиллик натижалар эса хавф таҳлили асосида амалга оширилаётган рақамли назорат тизими ўзини оқлаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ш. Маматуропова, ЎзА