“Солиқ қўмитаси раиси кубоги”
Айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида спортнинг стол теннис тури бўйича маҳаллалар аро ҳаваскор спортчи ёшлар ўртасида “Солиқ қўмитаси раиси кубоги” мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур мусобақалар Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этиляпти.
Эътиборлиси, Ўзбекистон теннис федерацияси, спорт вазирлиги ҳамда солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур мусобақаларда вилоятнинг 1000 нафардан ортиқ ҳаваскор теннисчилари иштирок этмоқда.

Жумладан, ушбу мусобақанинг Когон ва Бухоро шаҳар босқичлари ҳам муросасиз ўйинларга бой бўлди.
Қизғин кечган ўйинларда мусобақа иштирокчиларини солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси ҳамда Ўзбекистон стол тенниси Федерациясининг Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари қўллаб-қувватлаб турди.
Қувонарлиси, бундай спорт мусобақаларининг ташкил этилиши ёшларга нафақат ўйиндан завқланиш ҳиссини бермоқда, балки уларнинг жисмоний фаоллигини ошириб, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга хизмат қиляпти.
Яккалик баҳсларининг ўғил болалар ўртасида ўтган беллашувларида Азизбек Ширинов шоҳсупага кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Сабина Қодирова ҳамда Азиза Раҳимовалар ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Шиддатли ва муросасиз тарзда бўлиб ўтган мусобақа якунида ғолибларга диплом, эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири