Солиқ имтиёзлари: қулайлик ва самара
Навоий вилоятида жорий йилнинг ўтган 9 ойида белгиланган бюджет даромадлари режаси 1 триллион 463,1 миллиард сўмга бажарилди. Тушумлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 267,3 миллиард сўм ёки 122,4 фоиз бажарилди. Маҳаллий бюджет даромадлари бўйича белгиланган режа 2 триллион 075,8 миллиард сўмни ташкил этди. Натижада 125,8 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди.
Бу ҳақида Навоий вилояти солиқ бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суннатилло Назаров маълум қилди.
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилояти бўлими ва вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Президентимиз ташаббуси билан миллий иқтисодиётимиз, хусусан, солиқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида солиқ хизмати органи текширувчи органдан хизмат кўрсатувчи тизимга ўзгартирилиши тадбиркорлик ривожида муҳим асос бўлаётгани таъкидланди.
[gallery-14138]
– Солиқ текширувлари ва асосийси солиқ юкининг камайтирилиши, қатор имтиёзларнинг жорий этилиши қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда, – деди С.Назаров. – Натижада тадбиркорлик субъектлари сони сезиларли ортиб, янгидан-янги иш ўринлари яратилмоқда. Айни пайтда вилоятимизда 25 минг 198 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолият кўрсатмоқда. Албатта, қонунийликни таъминлаш, ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. “Солиқчи-қўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий кўмак бериш, фаолиятини тиклаши учун муносиб ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида 788 тасига ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 212 тасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режими танлаб берилди. Айланма маблағга муҳтож бўлган 16 та тадбиркорлик субъектларига 2 миллиард 120 миллион сўм кредит олинишига кўмаклашилди. 2023 йил 1 октябрь ҳолатига вилоятдаги 6246 та қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг 402 тасига 143 миллиард 774,5 миллион сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммаси уларнинг ҳисоб рақамига қайтариб берилди. Шунингдек, 2023 йилнинг ўтган 9 ойида норасмий иш ўринларини легаллаштириш мақсадида ўтказилган ўрганишлар натижасида 14 минг 953 нафар ходимнинг расмий бандлиги таъминланди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 июндаги “Фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 июнь ҳолатига жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари, охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси, хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси ҳисобдан чиқарилди.
Матбуот анжуманида маҳаллабай ишлаш тизимининг махсус платформаси тушунтириб ўтилди. Бугунги кунда маҳаллаларда солиқ органлари томонидан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш мақсадида 330 та маҳаллага 182 нафар солиқ хизмати органи ходимлари бириктирилган бўлиб, уларга 19 минг 323 та юридик шахс тақсимлаб берилган. Улар томонидан 10 минг 509 та якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича, 843 та деҳқон хўжаликлари томонидан ўзи етиштирган маҳсулотларини четга экспорт қилиш ҳамда ички бозорга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатилди. Ўзини-ўзи банд қилган 75 минг 984 нафар фуқароларнинг фаолият тури бўйича берилган енгилликлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
– Маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилиши натижасида товар айланмаси камайган 138 та корхонадан 28 тасининг тушуми қисқа вақт ичида 4 миллиард 489,4 миллион сўмга оширилишига эришилди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси масъул ходими Муҳаммад Абдуллаев. – Шунингдек, мавжуд солиқ қарздорлиги 8 миллиард 86 миллион сўмга қисқартирилди. Фаол якка тартибдаги тадбиркорлар сони ой бошига нисбатан 175 тага ошишига эришилди. Мол-мулк ва ер учун ҳисобланган солиқлар 71 миллиард 145,2 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ундирувчанлик ўтган йилга нисбатан 21 миллиард 889,8 миллион сўмга ошган.
Матбуот анжуманида мутасаддилар ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА