Солиқ тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг изчил эркинлаштирилаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг солиқ имтиёзлари берилаётгани мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган кўргазмали семинар мазкур қарор мазмун-моҳияти, 2015 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга бағишланди. Унда Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг изчил эркинлаштирилаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг солиқ имтиёзлари берилаётгани мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Иқтисодиётимизнинг муҳим таянчига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, соҳа учун солиқ имтиёзлари бериш изчил давом эттирилмоқда. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига мувофиқ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 8 соиздан 7,5 фоизга туширилди. Ходимларга тўланадиган даромадларни легаллаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини пасайтириш мақсадида микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди.
Микрофирма ва кичик корхоналарни ҳамда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этишни янада рағбатлантириш мақсадида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари битирувчилари ҳисобига банд ходимларнинг ўртача йиллик сонининг белгиланган меъёрини 20 фоиздан 50 фоизга ошириш мумкинлиги белгилаб қўйилди. Масалан, енгил саноат соҳасида фаолият юритувчи кичик корхоналар ходимларининг чекланган сони 200 кишини ташкил этадиган бўлса, улар ишчилар сонини ушбу таълим муассасалари битирувчилари ҳисобига яна 100 нафарга оширган ҳолда тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган имтиёз ва кафолатлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Бундан ташқари, жорий йилда муддати тугаши кўзда тутилган бир қатор имтиёзларнинг амал қилиши қарор асосида яна узайтирилди. Жумладан, қўшимча даромад олувчи бюджет ташкилотларига солиқлар, йиғимларнинг барча турларидан, давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар, тўлов-контракт асосида кадрларни тайёрлаш учун тушадиган маблағлардан олий таълим муассасаларини солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалардан озод этиш бўйича имтиёзлар, профессионал футбол клублари, Ўзбекистон футбол федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини солиқлар ва йиғимларнинг барча турларини (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзларнинг муддати 2018 йил 1 январгача узайтирилди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 2015 йил 1 январдан бошлаб ушбу солиқни ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг бир бараваригача “0” даражали ставкани назарда тутувчи тўрт поғонали солиқ ставкаларини қўллаш тартиби жорий этилди. Яъни, жисмоний шахсларнинг энг кам иш ҳақининг бир бараваригача даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни асосида солиқ қонунчилигида айрим ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ 2015 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этиши белгиланди. Якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам юридик шахслар сингари давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек, молиявий санкциялар суммаларини тўлашни олти ой мобайнида тенг улушларда амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Кўчмас мулкни объектлар бўйича ҳисобга қўйиш, мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини топшириш ва уни тўлаш ушбу мулк жойлашган жойда амалга оширилади. Акциз солиғи бўйича ҳар ўн кунлик тўлов бекор қилиниб, ўрнига ҳар ойда бир маротаба жорий тўловни амалга ошириш мустаҳкамланди.
Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар асосида Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилиб, ер солиғи ва ягона ер солиғи тўлови даврийлиги йилига уч мартадан икки мартага қисқартирилди. Яъни, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ушбу солиқларни тўлашда йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар, қолган суммаси 1 декабрга қадар амалга оширилади.
Яна бир муҳим янгилик касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун қўшимча имкониятлар яратилгани бўлди. Яъни, 2015 йилдан бошлаб касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўқишни тамомлаганидан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, шу санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади.
16 январга қадар давом этадиган кўргазмали семинарда солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар моҳияти махсус стендлар, буклетлар, видеороликлар, слайдлар ва бошқа кўргазмали воситалар, тарқатма материаллар орқали намойиш этилмоқда. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олмоқда.