Сохта ҳужжатнинг нафи тегмади
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда мазкур имтиёзни суистеъмол қилишга бўлган уринишнинг олди олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2022 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари божхона тўловларидан озод қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда мазкур имтиёзни суистеъмол қилишга бўлган уринишнинг олди олинди. Хусусан, “Тўрткўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тумандаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган 3 та “Howo” русумли юк автотранспорт воситаси эксперт-криминалистика текширувидан ўтказилганида ушбу юк автомашиналари ҳужжатларида кўрсатилганидек, 2019 йилда эмас, балки 2014-2015 йилларда ишлаб чиқарилгани маълум бўлди.
Уларнинг ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ортиқ муддат ўтганлиги сабабли нисбатан имтиёз қўлланилмаслигини билган “уддабуронлар» автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилган йилни сохта ҳужжатлар орқали “яшириш”га уриниш ҳолати сергак божхоначилар томонидан фош этилди. Шу тариқа ўртача бозор нархи 1 миллиард 345 миллион сўмни ташкил қилувчи мазкур автотранспорт воситаларини божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган уринишга чек қўйилди ҳамда уларга нисбатан салкам 650 миллион сўмлик божхона тўлови ҳисобланди.
Ҳолат юзасидан фуқаролар Н.У. ва А.У. га нисбатан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракати олиб борилмоқда.