Соиб Тўхтаев: Мен - Ўзбекистон фуқаросиман!
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди”, деб белгиланган. Бу эса шу юртда яшаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қонун ҳимоясида эканлигини англатади.
Аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар-чи? Қонунга кўра, фуқаролиги бўлмаган шахс бу - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахсдир. Унга фуқаролиги бўлмаган шахснинг ёки чет давлат фуқаросининг шахсини тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшашга рухсат этилганлигининг тасдиғи сифатида яшаш гувоҳномаси берилади.
Фуқаролик паспорти эса шахснинг у ёки бу мамлакат ҳимоясида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат саналади. Аммо орамизда фуқаролиги бўлмаган шахслар кўпчиликни ташкил этади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳртлар инсон манфаатлари учун хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу ислоҳотлар паспорт тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Натижада паспорт ва пропискани расмийлаштиришнинг осонлаштирилган тизими йўлга қўйилди. Фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш юзасидан бир қатор янги ҳужжатлар қабул қилинди.
Биргина Қизилтепа туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан 2019 йилда 4 нафар шахс фуқароликка қабул қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 20 нафарга етган.
– Туманимизда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2005 йил 1 январига қадар республикамиз ҳудудида доимий рўйхатдан ўтган, аммо фуқаролиги бўлмаган ўн беш нафар шахсга фуқаролик паспортлари тақдим этилди, – дейди туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи Сулаймон Ниёзов. – Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган шахсларнинг олти нафари эркак ва тўққиз нафари хотин-қизлардир. Яна етти нафар юртдошимиз фуқароликка қабул қилиниш остонасида туришибди.
– Оиламиз – ота-онам, турмуш ўртоғим ва болаларим билан Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганимизга 29 йил бўлди, – дейди "Гулзор” маҳалласи, “Нуроний” кўчасида яшовчи Соиб Тўхтаев. – Тақдир тақозоси билан ота-онамиз Тожикистон Республикаси, Душанбе шаҳрига кўчиб кетишган. Ўша ерда оила қуриб, фарзандли бўлишган. Мен ҳам Душанбеда туғилиб ўсганман. Албатта, юртимизда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳам қонуний ҳуқуқлари таъминланган бўлса-да, бу борада баъзи тўсиқлар учраб турарди. Масалан, шу 29 йил мобайнида мен ва оила аъзоларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаганимиз боис чет элга чиқишда қийинчиликларга учрар эдик. Юртимиздаги умумхалқ сайловларида сайлаш ва сайланиш, ҳарбий хизматга бориш ҳуқуқидан маҳрум эдик. Янги ислоҳотлар туфайли мен, турмуш ўртоғим, уч нафар фарзандим ортиқча оворагарчиликларсиз фуқароликка қабул қилиндик. Бугун биз Ўзбекистон фуқаросимиз! Бу шу азиз Ватанда яшаб, меҳнат қилаётган ҳар бир фуқаро каби менинг ҳам ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятларим қонун билан кафолатланганлиги учун берилган ҳужжатдир.
Албатта, тинч ва осуда Ватанда яшаш бахт. Унинг равнақи йўлида меҳнат қилиш, ўз ҳиссасини қўшиш эса шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Давлат ва қонун ҳимоясида эканимизни таъминловчи фуқаролик паспортини қўлга киритаётган юртдошларимиз қувончи эса чексиз. Ана шундай шарафга эга бўлаётган юртдошларимиз сафи эса кун сайин кўпаймоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА