Соҳибқироннинг сўнгги юриши
Ватанимиз тарихидаги 27 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1404 йил (бундан 620 йил олдин) – Амир Темур уч ойлик тайёргарликдан сўнг ўзининг 200 минг кишилик қўшини билан пойтахт Самарқанд шаҳридан чиқди ва ўзининг энг охирги ҳарбий юриши – Хитой юришига кетди. Бир неча кундан сўнг у Оқсулотга келди. Ўша йилги қиш Турон тарихидаги энг қаҳратон қишлардан бири бўлган. Сирдарёнинг суви бир ярим метргача музлаган, аскарлардан кўпининг қулоқ-бурунлари, қўл-оёқларини совуқ олган эди. Амир Темурнинг ўзи ҳам кўп ўтмай шамоллаб қолди.
1420 йил (бундан 604 йил олдин) – Темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзо Эроннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Ардабил шаҳрида машойихлар шайхи Шайх Сафиуддин Ардабилийнинг мозорини зиёрат қилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ўз вақтида Шоҳрух Мирзонинг отаси Амир Темур ҳам Ардабилга келиб, шайх Шоҳ Исмоил Ҳаттоийнинг бобоси, XIII аср охирида Эрон Озарбайжонида пайдо бўлган сўфий-дарвешлик тариқати – сафавиянинг асосчиси бўлган машҳур Шайх Сафиуддин Ардабилий мақбарасини зиёрат қилган ва теварак атрофдаги бир қатор қишлоқларни, ерларни сотиб олиб, шайх Сафиуддин мақбараси қошидаги масжидга вақф қилиб берган эди.
1819 йил (бундан 205 йил олдин) – Никита Муравёв Хива хони Мухаммад Раҳимхоннинг элчилари Эшназарбой ва Яқуббойлар, шунингдек, туркман вакилларидан иборат дипломатик гуруҳ ҳамроҳлигида Хивадан Россияга йўл олди. Элчилар 1820 йилнинг 24 февраль куни Красноводск орқали Тбилисига етиб келади ва генерал Ермоловнинг қабулида бўлишади. Деярли икки ой давом этган музокаралар ва учрашувлардан кейин 1820 йилнинг 22 апрелида Тбилисидан Хивага қайтишга ижозат берилади.
1917 йил (бундан 107 йил олдин) – Қўқон шаҳрида Ўлка мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи съездида 27 ноябрь куни кечаси соат 12 да Туркистон ўлкасини Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилган қарор қабул қилинди. 28 ноябрда мазкур давлатнинг номи аниқланиб, “Туркистон Мухторияти” деб аталадиган бўлди. Фитрат мухторият эълон қилинган 27 ноябрь тунини “Миллий Лайлатулқадримиз” деб атади.
1919 йил (бундан 105 йил олдин) – Туркистон ўлкаси олий тиббиёт мактаби Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг тиббиёт факультетига айлантирилди.
1921 йил (бундан 103 йил олдин) – Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) Марказий Ижроия Кўмитаси ва Нозирлар Шўросининг кенгайтирилган кўшма мажлисида ХХСР Марказкўмининг раиси, ХХСР Нозирлар Шўросининг раиси, Марказқўм иш бошқарувчиси ва бўлим бошлиғи, молия нозири, дохилия нозири, хорижия нозири, ҳарбий ишлар нозири, туркман шўъбаси раиси, шунингдек, яна бир қатор раҳбарлар Хоразмнинг душмани деб эълон қилинди. Уларни отиб ташлаш ва қамашга қарор қилинди.
1928 йил (бундан 96 йил олдин) – биолог олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ўринбой Ҳасанов таваллуд топди. У беданинг 22 ёввойи, 11 кенжа тури ва 68 экологик шаклларини аниқлаган.
1961 йил (бундан 63 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши, Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиуми ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг 835-сонли қўшма қарори билан “Ўзбекистон табиатни қўриқлаш ва кўкаламзорлаштириш жамияти” ташкил қилинди.
1997 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1997 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
1997 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон телерадиокомпанияси фондидаги кино маҳсулотларини сақлаш, фильмларни режалаштиришни тартибга солиш ва улардан ўринли фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Кино” Бош таҳририяти қошида фильмотека тузилди.
2003 йил (бундан 11 йил олдин) – Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида тасаввуф илмининг йирик намояндаси Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги тантанали равишда нишонланди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган Инсон хавфсизлиги буйича кўпшериклик траст фондининг тақдимоти ва «Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли стратегияларни ўзида жамлаган минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги БМТнинг юқори даражадаги тадбири бўлиб ўтди.
Мажлисда сўзга чиққан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш фонднинг ўз фаолиятини бошлаши Орол муаммосидан азият чекаётган минтақа тарихида янги саҳифа очишини айтиб ўтди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёвнинг мазкур траст фондини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолади ҳамда халқаро жамиятни ушбу фондни молиялаштиришда фаол иштирок этишга чақирди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Ресрубликаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш, ушбу соҳада давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади