Соҳа вакиллари фидойилиги тараққиёт пойдеворини мустаҳкамламоқда
Орамиздаги замондошларимиз
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса, коммунал хизматлар сифатини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Табиий газ таъминотини барқарор ва узлуксиз таъминлаш ҳам ана шу устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу йўлда эса соҳа фидойилари – оддий ходимларнинг ҳиссаси беқиёс.

Газ таъминоти тизимида қарийб ўттиз йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган Шариф Туробов ана шундай жонкуяр ходимлардан биридир. У “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалига қарашли қурилиш-монтаж бригадасида чилангар бўлиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ижрочиларидан бири бўлиб келмоқда.
Унинг меҳнат фаолияти 1998 йилда “Карманатумангаз” бўлимида бошланган. Ўша даврдаёқ у касб сирларини пухта эгаллашга интилди, устозлар тажрибасидан самарали фойдаланди. Энг муҳими, қийинчиликдан қўрқмаслик, меҳнатга садоқатли бўлиш каби фазилатларни ўзига сингдирди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда газ таъминоти соҳасида тизимли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, эскирган ер ости газ қувурларини ер устига чиқариш, янги инфратузилмаларни барпо этиш, аҳолига қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнларда қурилиш-монтаж бригадаларининг ўрни беқиёс.

Жумладан, 2025 йилда бригада томонидан Қизилтепа туманида 8 километр, Кармана туманида эса қарийб 4 километр ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилди. Бу каби ишлар аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш, тизимдаги йўқотишларни камайтириш ва хавфсизликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Албатта, бу натижалар осонликча қўлга киритилмаяпти. Қаҳратон қиш ёки жазирама ёзда, чўл шароитида олиб бориладиган ишлар катта матонат ва сабр талаб этади. Зарафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида газ қувурларини тортиш ишлари ана шундай машаққатли меҳнат намунасидир. Қайноқ чўл бағрида, оғир шароитларда бажарилган бу ишлар замирида инсон меҳнати, касбга бўлган муҳаббат мужассам.
– Касбингизни яхши кўрсангиз, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтасиз, – дейди Шариф Туробов.

Унинг бу сўзларида бугунги ислоҳотларнинг асосий мазмуни – инсон омили, меҳнатга бўлган муносабат, касбга садоқат каби қадриятлар ўз ифодасини топган.
Шариф Туробов нафақат меҳнатда, балки оилада ҳам намуна. Уч ўғилнинг отаси, тўрт набиранинг меҳрибон бобоси сифатида у ҳаётнинг ҳақиқий қадрини меҳнат ва тинчликда кўради. Унинг таъкидлашича, инсон учун энг катта бойлик оиласи соғ-омонлиги ва юрт тинчлигидир.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан ана шундай фидойи инсонларга таянади. Чунки ҳар қандай ўзгариш, аввало, жонкуяр ва ҳалол меҳнат қилаётган инсонлар орқали ҳаётга татбиқ этилади.
Шу маънода Шариф Туробов каби соҳа фидойиларининг меҳнати Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири