Соғлом руҳият – соғлом жамият (+видео)
Бугунги кунда барча ёшдаги инсонлар учун асаб, руҳият сир-асрорларини билиш, ўзлигини англаш муҳим аҳамиятга эга. Энг аввало, асаб, руҳиятнинг одам саломатлигида тутган ўрнини, бу ҳолатларнинг турли хил хасталикларга узвий алоқадор эканлиги сир эмас.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Тошкент тиббиёт академияси “Асаб касалликлари, тиббиёт психологияси ва психотерапия” кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаевнинг “Асаб ва руҳият” китоби тақдимотига бағишланган “Соғлом руҳият – соғлом жамият” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Асаб ва руҳиятга бағишланган ушбу китоб муаллифнинг деярли 25 йиллик кузатувлари асосида тайёрланган. Ундаги воқеа ва ҳодисалар инсонни ҳайратга солади. Одам ўзининг эътиборсизлиги ва қалтис ҳаракатлари билан яккаю-ягона бойлиги бўлмиш – саломатлигидан ажралишига бир баҳя қолган ҳолатлар, шифокор ва психологларнинг матонатли фаолияти ҳақида тўлқинланиб ўқийсиз.
Китобдаги барча маълумотлар ҳаётда бўлиб ўтган воқеалар асосида тайёрланган. Айниқса, оғир касалликларни психологик усуллар билан моҳирона даволаш усуллари ўқувчида катта қизиқиш уйғотади. Уни мутолаа қиларкансиз, тиббиёт ва психология гўёки эгизак эканлигига амин бўласиз. Уларни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳеч бир касаллик йўқки, психологик усулни қўллаш зарурати туғилмаса.
Бугунги замонавий тиббиётда бемор психологиясини ўрганмасдан ва психологик усулларни қўлламасдан туриб фақат дори-дармонлар билан чегараланиб қолиш деярли ҳар доим кўзланган натижани бермайди. Бу ҳақда муаллиф ўзининг китобида ўнлаб мисоллар келтирган. Ҳаттоки энди соғайишдан умид йўқ, деб хулоса қилинган вазиятларда психотерапевтик усулларни қўллаб беморни оёққа турғазиб юборилган ҳолатлар кўп баён қилинган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rOTd6VK2Ygk" title="Sogʻlom ruhiyat – sogʻlom jamiyat – соғлом жамият" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Таниқли олим Зарифбой Ибодуллаевнинг ушбу асари 10 йил ичида 5 маротаба нашр юзини кўрди. Ушбу асар ҳар бир юртдошимизнинг қалб тўридан ўрин олган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу китоб 2022 йили Туркияда "Синир ве руҳият" номи билан чоп қилинди ва ўзбек олимини турк дунёсига танитиб бошлади. Олимнинг шахсий кузатувлари ва кечинмалари асосида тайёрланган ва янги мавзулар билан бойитилган китобининг бешинчи нашри ҳам элимизга манзур бўлади, деган умиддамиз.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА