Соғлом оила – жамият таянчи
Когон туманидаги “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинида оила маънавияти, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган “Соғлом оила – жамият таянчи” мавзусида фаол ибратли хонадон бекалари ўртасида кўрик-танлов ўтказилди.
Кўрик-танловда иштирок этган аёллар илм-заковати, эпчил пазандалиги, тиббиёт соҳасига оид билимлари юзасидан баҳоланди.
Ҳар бир иштирокчи чиқишида оиласи, яшаётган ҳудуди, амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида тақдимот қилди. Шунингдек, уй бекалари олтин куз неъматларидан оқилона фойдаланган ҳолда турли хил салатлар тайёрлашди.
Хонадон бекалари шошилинч вазиятда тез тиббий ёрдам келгунига қадар биринчи ёрдам кўрсатиш, болани парваришлашда амалий тавсиялар, артериал қон босими ошганда ёрдам кўрсатиш, тана ҳарорати кўтарилганда тиббий ёрдамга оид саволларга жавоб бериб, ўз билим ва кўникмаларини намоён қилди. Иштирокчилар оила аъзолари иштирокида бадиий чиқиш тайёрлаб, ўз маҳоратларини намойиш этишди.
[gallery-13957]
Кўрик-танлов натижаларига кўра, Паракти қишлоғида яшовчи Мафтуна Муродова биринчи, Катта орғун қишлоғидаги 10-МТТ тарбиячиси Дилафрўз Ҳусенова иккинчи, шу ҳудудда ўқувчилар маънавий-маърифий тарбияси учун масъул бўлган мактаб директори ўринбосари Нозима Воҳидова учинчи ўринни қўлга киритишди.
Танловда “Энг билимдон келин”, “Энг эпчил келин” номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.
Ғолиблар танлов ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари