Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам
Инсон саломатлиги — жамият тараққиёти ва фаровон ҳаётнинг муҳим мезони. Шу боис мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, жисмоний фаолликни ошириш ва оммавий спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш, маҳаллаларда фуқароларнинг спорт ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Гулистон туманида ташкил этилган «Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам» юриш марафони ана шу эзгу мақсадларнинг маҳалладаги амалий ифодаси бўлди.

Туман ҳокимлиги ҳамда туман спорт мактаби ташаббуси билан ташкил этилган марафон эрта тонгдан бошланди. Унда Юлдуз маҳалласидаги соғломлаштирувчи йўлак бўйлаб маҳалла нуронийлари, фаоллари, ёшлар ва спортга қизиқувчи юртдошларимиз иштирок этишди.

Иштирокчилар белгиланган масофани биргаликда босиб ўтар экан, йўл-йўлакай бадантарбия машқларини ҳам бажардилар. Эрталабки тоза ҳаво, жисмоний ҳаракат ва ўзаро ҳамжиҳатлик уйғунлашган тадбир иштирокчиларга кунни тетиклик ва кўтаринки кайфият билан бошлаш имконини берди.

Шу каби марафон тумандаги Ибрат маҳалласида ҳам ташкил этилди. Унда турли ёшдаги аҳоли вакиллари фаол иштирок этиб, соғлом турмуш тарзининг инсон ҳаётидаги аҳамиятини яна бир бор ҳис этдилар. Зеро, соғлом турмуш тарзи фақат спорт залларида машқ қилиш ёки мусобақаларда иштирок этиш билан чекланмайди. Кундалик ҳаётда кўпроқ ҳаракат қилиш, пиёда юриш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш ва зарарли одатлардан воз кечиш ҳам саломатликни асрашнинг муҳим шартларидир. Энг муҳими, бу одатлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши керак.

— Бугун юртимизда аҳоли саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва жисмоний фаолликни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар жойларда, хусусан, маҳаллаларда ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
«Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам» юриш марафони ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. Айниқса, унда нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ва маҳалла фаолларининг биргаликда иштирок этаётгани аҳамиятли. Чунки соғлом турмуш тарзи, аввало, оиладан бошланади. Оилада жисмоний фаоллик, спорт ва саломатликка эътибор қанча юқори бўлса, жамиятда ҳам соғлом муҳит шунча мустаҳкам бўлади.
Бундай тадбирларни мунтазам ташкил этиш орқали аҳоли, хусусан, хотин-қизларни жисмоний фаолликка кенг жалб этиш, ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишга рағбатлантириш мумкин. Бугунги 5 минг қадам — эртанги соғлом ва фаол ҳаёт учун ташланган муҳим қадамдир, — дейди Гулистон тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Матлуба Худойбердиева.

Марафон давомида нуронийлар ва ёшлар ўртасида соғлом авлодни тарбиялаш, маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада кучайтириш, атроф-муҳитни асраш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Тадбирда турли авлод вакилларининг бир мақсад — соғлом ва фаол ҳаёт сари интилиш атрофида бирлашгани эътиборлидир. Нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, ёшларнинг ғайрати, хотин-қизларнинг фаоллиги ва спортга қизиқиши уйғунлашган бундай ташаббуслар маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Бугунги 5 минг қадам — шунчаки босиб ўтилган масофа эмас. У инсоннинг ўз саломатлигига бўлган эътибори, фаол ҳаёт тарзига интилиши ва соғлом келажак сари ташлаган амалий қадамидир.
Энг муҳими, бундай ташаббуслар бир кунлик тадбир сифатида қолиб кетмасдан, аҳоли ўртасида ҳаракат ва спортни кундалик ҳаёт тарзига айлантирса, давлат сиёсатининг инсон саломатлигига қаратилган эзгу мақсадлари ҳаётда янада кенг ва самарали намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири