Соғлиқни сақлашдаги ислоҳотлар: эрта ўлим ҳолатлари 15 фоизга камайган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги муҳим воқеликларга тўхталди. Хусусан, Президентимизнинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашуви ҳамда “Олимпия шаҳарчаси”га ташрифи ҳақида сўз юритди.
— Мамлакатимизда касалликларни эрта аниқлаш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди фракция раҳбари. — Жумладан, саратон касалликларини эрта аниқлаш дастури босқичма-босқич барча ҳудудларни қамраб олади. Бунинг учун йилига 700 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш дастури натижасида беш ойда эрта ўлим ҳолатлари 15 фоизга камайган. 855 нафар инсон ҳаёти ва саломатлигини асраб қолишга эришилгани муҳим натижа.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, келгуси йилда ушбу дастур барча туман ва шаҳарларда амалга оширилиб, 280 миллиард сўм ажратилади. Аҳоли учун кафолатланган тиббий хизматлар ҳам кенгайтирилиб, бепул дори воситалари 73 тага, тиббий текширувлар эса 36 тага етказилади. Бу ташаббуслар замирида, аввало, инсон саломатлиги, умр сифати ва халқ фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсад мужассамлиги алоҳида таъкидланди.
Фракция аъзолари инсон саломатлиги ҳамма нарсадан устун эканини эътироф этиб, соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
М.Комилова,
ЎзА