“Сўғдиёна” чемпионни мағлуб этди
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси ўйинларининг 24-тури Андижон шаҳридаги “Бобур арена” стадионида “Андижон” ва Навоийнинг “Қизилқум” клублари ўртасидаги баҳс билан якунига етади.
Куни кеча Қаршида мамлакатимизнинг жорий мавсумдаги чемпиони “Насаф” Жиззахнинг “Сўғдиёна”жамоасини қабул қилди.
Ушбу турда майдон эгалари гарчанд чемпионликни расман ҳал этган бўлсаларда ўз мухлислари қаршисида чиройли ўйин кўрсатишни ва ўз мухлислари кўз ўнгида чемпионликни ғалаба орқали нишонлашни ният қилгани табиий. Чунки шу кунгача бу икки клуб Қаршида 24 маротаба тўқнаш келиб, катта устунлик майдон эгаси – “аждарлар” томонида эди. Қашқадарё футболчилари ана шу учрашувларнинг 19 тасида, “бўрилар” эса атиги 2 тасида ғалаба нашидасини суришга муваффақ бўлишган.
“Сўғдиёна” охирги маротаба “Насаф”ни Қаршида 2018 йилги мавсумда 2:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Қолаверса, Иван Бошковичнинг жиззахлик шогирдлари ҳали мавсумни кучли учликда якунлаши учун имконияти йўқолмаган ва шунинг учун ҳам Қаршидан яна бир бор ғалаба билан ўз уйларига қайтишни мақсад қилишгани ўйиннинг кескин ва муросасиз курашлар остида кечишига сабаб бўлди.

Учрашувнинг биринчи бўлими майдон эгаларининг устунлигида ўтди. Аммо меҳмонларнинг қарши ҳужум тактикаси ва мезбонлар дарвозаси олдида голга тортадиган жиддий хавфли вазиятларни юзага келтириши жиззахликлар Қаршига шунчаки мағлуб бўлиш учун келмаганини кўрсатиб турарди.Ўйиннинг биринчи бўлими 0:0 ҳисобида якунига етди.
Иккинчи бўлим бошланиши биланоқ майдон эгалари меҳмонлар дарвозасини ишғол этди. Учрашув бош ҳаками Ғайрат Жўраев дастлаб голни инобатга олди. Аммо VAR вазиятга аралашгач, ҳужумни бошлаш чоғида ана шу ҳисобга олинмаган гол муаллифи Бобур Абдухолиқов тўпни қўли билан тўғрилаб олганлиги аниқланди ва майдон эгаларининг киритган голи ҳисобланмади.
Танаффус пайтида “Сўғдиёна” жамоаси бутун мавсум давомида эгаллаб келган 3-ўринни тортиб олган Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Наманганда “Навбаҳор”дан 5:2 ҳисобида мағлубиятга учраганини эшитганлиги шубҳасиз. Бу уларнинг ўйинларида ҳам яққол сезилиб турди. Аммо таблодаги 0:0 ҳисоби “Сўғдиёна” футболчиларини ҳам, уларнинг мураббийларини ҳам қаноатлантирмас эди. Шу сабаб, ўйинни томошабинлар сафида томоша қилаётган бош мураббий Иван Бошкович билан маслаҳатлашган ёрдамчи мураббий Раде Петрович захирадан биратўла 3 нафар– Станислав Андреев, Самандаржон Мавлонқулов ҳамда Муҳаммадсафо Фозиловларни майдонга туширди.
Бу эса қарши ҳужум тактикасида тўп сурган меҳмонларнинг ўйинини янада кучайтирди. “Сўғдиёна”нинг македониялик легионери Люпче Дориев 2 маротаба, захирадан майдонга ташланган Самандаржон Мавлонқулов 2 маротаба яққол вазиятни голга айлантира олмади. Мезбонлар “голкипер”и, бугунги кунда чемпионатимизнинг энг яхши посбони Абдувоҳид Неъматов ушбу вазиятларнинг учтасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган бўлса, бир мартасида Самандаржон Мавлонқуловнинг зарбаси дарвоза тўсини ёнгинасидан ўтиб кетди.

Албатта, “Насаф” футболчилари ҳам қўл қовуштириб туришгани йўқ. Лекин майдон эгалари томонидан яратилган бир қатор хавфли вазиятларни меҳмонлар посбони, бугунги кунда суперлигамиздаги энг ёш, иқтидорли дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров бартараф этган бўлса, захирадан майдонга туширилган Жавоҳир Сидиқовнинг жуда ҳам хавфли жарима зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди.
Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида майдон эгалари ижро этган жарима зарбаси жиззахликларнинг тезкор қарши ҳужумига замин яратди. “Сўғдиёна”нинг сербиялик легионери Владимир Йовович тўпни эгаллаган заҳоти майдон марказида ёлғиз турган жамоадоши Люпчо Дориевга узатди. Люпчо 2 нафар мезбонлар ҳимоячисини бир ҳаракат билан осонгина чалғитиб, тўпни майдон эгалари дарвозаси томон узатди. Дарвозабон билан яккама-якка чиққан тажрибали Станислав Андреев тўпни Абдувоҳид Неъматовнинг оёқлари орасидан ўтказиб, ўйиннинг 90-дақиқасида ҳисобни очди – 0:1.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган 8 дақиқада жамоалар бошқа гол кирита олмади. Шу тариқа “Сўғдиёна” жорий чемпионатда Ўзбекистон чемпиони “Насаф”ни 2 марта таслим эта олган ягона жамоага айланди. Меҳмонлар ушбу ғалабадан сўнг очколари сонини 40 тага етказиб, пойтахтлик “Пахтакор”чилардан яна ўз ўринларини қайтариб олди.
Ўйиндан сўнг “Сўғдиёна” ёрдамчи мураббийи Раде Петрович матбуот анжуманида иштирок этиб, “Насаф”ни чемпионлик билан табриклади ва улар ушбу мавсумни юқори даражада ўтказишганини, Қашқадарё вилояти футболчилари чемпионга хос ўйин кўрсатишганини таъкидлади.

– “Насаф” Осиё чемпионлар лигасида ҳам муносиб иштирок этиб, ўзбек футболи даражаси юқори эканлигини кўрсатишларига тилакдошман, – деди Раде Петрович. –Ўтган ҳафтада “Сурхон”га мағлуб бўлганимиздан кейин йигитлар бугун характер кўрсата олишди. Голгача бизда 3- 4 та яхши имконият юзага келди, лекин фойдалана олмадик. Чемпионга қарши ўйинда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик. Ушбу мавсумда“Насаф”ни 2 бор мағлуб этаолган ягона жамоа эканлигимиздан фахрланамиз.
Ушбу турнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Навбаҳор” – “Пахтакор” – 5:2, ОКМК (Олмалиқ) – “Олимпик” (Тошкент) – 2:2, “Динамо” (Самарқанд) – “Локомотив” (Тошкент) – 1:2, “Бунёдкор” (Тошкент) – “Металлург” (Бекобод) – 1:1, “Сурхон” (Термиз) – “Нефтчи” (Фарғона) – 0:0.
ФИФА кунлари муносабати билан мамлакат чемпионати суперлигасида кичик танаффус юзага келади. Чунки, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси “ЖЧ-2026” саралаш баҳсларида иштирок этиш учун навбатдаги тур олдидан Қатарда йиғин ўтказиш учун жўнаб кетади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон терма жамоаси 15 ноябрь куни Доҳа шаҳрида Қатар термасига қарши биринчи давранинг сўнгги турида майдонга тушса, 19 ноябрь куни (нейтрал майдон) Вьентьян(Лаос давлати пойтахти) шаҳрида Шимолий Корея давлати термаси билан иккинчи давранинг биринчи турини ўтказади.
Шундан сўнг, Ўзбекистон чемпионати суперлигасининг охирги иккита тур ўйинлари бўлиб ўтиши белгиланган.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири