Собиқ давлат хизматчиси ишга киришда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасидан олган хулосани тақдим этади
Адлия вазирлиги собиқ давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасидан хулоса олиш бўйича идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.
Мазкур ҳужжат “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Ушбу қонунда давлат органи ёки ташкилотида ишлаган ходим ишдан бўшаганидан кейин 2 йил давомида уни ўзи назорат қилган ташкилотга ишга олишдан олдин аввалги иш жойининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасидан мажбурий хулоса олиниши белгиланган.
Бунда, назорат остида бўлган ташкилот собиқ давлат хизматчисини ишга қабул қилмоқчи бўлса, кадрлар бўлими бир иш куни ичида ички назорат бўлинмасига мурожаат қилади.
Ички назорат бўлинмаси 3 хил хулоса беради: ижобий – ишга қабул қилиш мумкин; чекловли ижобий – айрим чекловлар билан ишга қабул қилинади; салбий – ишга қабул қилиш рад этилади.
Ушбу хулоса олинмаган ёки салбий хулоса берилган тақдирда номзодни ишга қабул қилиш тақиқланади.
Чекловли ижобий хулоса берилганда, ходимга қуйидаги чоралар белгиланади: 3 ой давомида аввал назорат қилган ташкилот бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок эта олмайди; манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган вазифалари қайта тақсимланади; фаолияти ички назорат бўлинмаси томонидан мониторинг қилинади.
Агар собиқ давлат хизматчиси ички назорат бўлинмасининг хулосасидан норози бўлса, у юқори турувчи ташкилотга ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлигига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Н.Абдураимова, ЎзА