Слаломчилар Тошкентда сараланди
Пойтахтимизда слаломда эшкак эшиш бўйича U15 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада Тошкент шаҳри, Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан жами 180 нафар спортчи, жумладан 24 нафар қиз иштирок этди. Ёш эшкак эшувчилар К1 ва С1 дастурлари ҳамда экстремал слалом йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақа якунларига кўра, К1 дастурида ўғил болалар ўртасида Тошкент шаҳри вакили Муроджон Аширбоев чемпионликни қўлга киритган бўлса, Нуржавоҳир Нуритдинов иккинчи, Жамал Умаров учинчи ўринни эгаллади.
С1 баҳсларида эса Тошкент вилояти спортчиси Сардоржон Зокиров ғолиб бўлди. Муроджон Аширбоев кумуш, Самарқанд вилояти вакили Далербек Баянов бронза медалига сазовор бўлди.
Қизлар ўртасидаги К1 дастурида Наманган вилояти вакилалари шоҳсупани тўлиқ эгаллади. Шахина Ёқубова олтин медални қўлга киритган бўлса, Муқаддас Мирзалиева ва Диёра Комилжонова мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни банд этди.
С1 йўналишида ҳам Муқаддас Мирзалиева чемпионликни қўлга киритди. Диёра Комилжонова кумуш, Фарғона вилояти вакили Моҳинур Умурзоқова бронза медали соҳибаси бўлди.
Экстремал слалом баҳсларида ўғил болалар ўртасида Нуржавоҳир Нуритдинов ғолиб чиққан бўлса, Муроджон Аширбоев иккинчи, Анасхон Рустамжонов учинчи ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасидаги экстремал слаломда эса Муқаддас Мирзалиева чемпионликни қўлга киритди. Алиса Железнова кумуш, Моҳинур Умурзоқова бронза медалига сазовор бўлди. Мусобақа мамлакатимизда слаломда эшкак эшиш спорт турини оммалаштириш, иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ҳамда миллий терма жамоа учун муносиб захира тайёрлашда муҳим аҳамият касб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА