Сиз биз учун қадрлисиз!
Фарғона шаҳридаги Шарқий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказида “Сиз биз учун қадрлисиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга шаҳар ва туманлардан профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар таклиф қилинди.
[gallery-14639]
Профилактик ҳисобда турган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ўз вақтида, сифатли ҳал этиш, уларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш, жамиятда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш мақсадларига йўналтирилган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда аёллар манфаати устуворлигини йўлида қилинаётган ишлар хусусида сўз юритдилар. Ўз навбатида тадбирга таклиф этилган опа-сингилларимиз озодликнинг қадрига етиш, оиласи, фарзандлари даврасида бахтли яшаш кераклиги ҳақида тўхталиб, ўзларига билдирилган ишонч ва имкониятлар учун миннатдорлик изҳор этдилар.
Шундан сўнг иштирокчиларга совғалар улашилди, хонандалар ижросидаги қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
Шу куни хотин-қизлар учун меҳнат ярмаркаси ҳамда тиббий кўрик ташкил этилди, улар учун зарур бўлган дори-дармонлар бепул тарқатилди.
ЎзА фотомухбири Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.