Сирожиддин Саййид Беларусь Ёзувчилар уюшмасининг кўкрак нишони билан тақдирланди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, таниқли шоир Сирожиддин Саййид халқаро адабий ҳамкорлик ва адабиёт ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Беларусь Ёзувчилар уюшмасининг «Адабиётга қўшган катта ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Фахрий мукофот Беларусь Ёзувчилар уюшмаси раиси Александр Карлюкевич томонидан имзоланган.

Мазкур эътироф икки мамлакат ўртасидаги адабий-маданий алоқалар, ижодий ҳамкорлик ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига қўшилаётган ҳиссага билдирилган юксак ҳурмат ифодаси.

Сирожиддин Саййиднинг ушбу мукофот билан тақдирланиши нафақат шоир ижодига, балки ўзбек адабиёти ва унинг халқаро миқёсдаги нуфузига кўрсатилган эътибор сифатида ҳам аҳамиятли.

Устоз қаламкаш ижодининг ўзига хослиги шундаки, у оддий ва самимий сўзлар орқали инсон қалбидаги чуқур ҳис-туйғуларни ифодалай олади. Унинг шеърларида Ватанга муҳаббат, онага ҳурмат, соғинч, меҳр-оқибат каби мавзулар жуда равон, халқона тилда ёритилган. Шоир асарлари Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон ва Жанубий Корея каби давлатларда ҳам нашр этилиб, турли тилларга таржима қилинган.
Н.Усмонова,
ЎзА