Сирдарёнинг туристик имкониятлари кенгаяди
Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида туризм соҳасини иқтисодиётнинг устувор тармоқларидан бири сифатида ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Табиий, маданий ва инфратузилмавий имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида қатор йирик лойиҳалар амалга ошириляпти.
Жорий йилнинг ўзида вилоятда умумий қиймати 11,3 миллион долларга тенг бўлган 18 та янги туризм лойиҳаси амалга оширилади. Бу эса камида 140 та янги иш ўрни яратилишига сабаб бўлади. Умумий ҳисобда 65 миллион долларлик инвестиция эвазига 50 дан ортиқ туристик объект барпо қилиниб, 250 дан зиёд иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган.

Сирдарё туманидаги Камолот маҳалласида 17 гектар майдонда замонавий инфратузилмага эга “Соҳил бўйи” экотуризм мажмуаси барпо этилади. Шунингдек, Янгиер шаҳрида тиббий туризмга ихтисослашган 3 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ташаббуслар соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва ички ҳамда ташқи туризм салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Вилоят ҳокими ўринбосари Шоҳруҳ Исоқуловнинг маълум қилишича, “Жанубий Мирзачўл” канали атрофида гастрономик ва туристик марказ ташкил этилади. Бу ерда миллий таомлар, маҳаллий ҳунармандчилик, маданий дастурлар ва дам олиш масканлари орқали сайёҳларга ўзига хос муҳит яратилади.

Шу билан бирга, Гулистон туманидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси бўйида 10,9 гектар майдонда замонавий “Туризм комплекси” қурилиши режалаштирилган. Ушбу мажмуада меҳмонхоналар, оилавий дам олиш уйлари, умумий овқатланиш шохобчалари ва спорт-соғломлаштириш инфратузилмалари бунёд этилади.


Бундай кенг қамровли ишлар Сирдарёни нафақат республика, балки халқаро миқёсда ҳам туристик маскан сифатида танитиш, аҳоли бандлигини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири