Сирдарёда журналистлар сумалак пиширди
Кўклам ташрифи, Наврўз арафасида Халқаро хотин-қизлар айёми нишонланиши ажойибдир. Баҳорий байрам баҳона айни дамда ўлкамизда кўтаринкилик, шоду хуррамлик, хуш кайфият авжида.
Давлатимиз раҳбари "Биз халқимиз розилигини аввало муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг розилиги деб тушунамиз", дея бежиз бот-бот таъкидламайди. Зеро, юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Ҳудудий уюшма томонидан кўп йилдирки, мунтазам равишда ўтказиб келинаётган Сумалак сайли бу гал 8 март байрами арафасида ташкил этилди.



Дастлаб "Янги Сирдарё" газетаси бош муҳаррири хонасида долзарб мавзуларга оид давра суҳбати бўлиб ўтди. Пойтахтимиздан ташриф буюрган меҳмонлар – Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли халқаро шарҳловчи, Қобилбек Каримбеков ва бошқалар сўзга чиқишиб, ютуқлар билан бир қаторда журналистикага оид муҳим масалалар, муайян муаммолар хусусидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Ҳудудий уюшма бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, "Янги Сирдарё" газетаси бош муҳарири Баҳром Боймуродов, "Халқ сўзи" газетаси вилоят мухбири Аҳмадали Шерназаров, "Янги Сирдарё" газетаси бўлим мудири Холида Пардабоева, "Ишонч" газетасининг вилоятдаги мухбири Баҳор Холбекова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Норинисо Қосимова, "Новая Сырдарья" газетаси масъул ходими Тўлқин Аҳмадалиев ва бошқалар муҳокамаларда қизғин иштирок этишди.



Шундан сўнг журналист, ёзувчи ва шоир Мунаввар Пардаев хонадонида Сумалак сайли давом этди. Ҳамкасабаларимиз, хотин-қизлар шаънига кўпдан кўп илиқ фикрлар, байрам табриклари янгради. Хусусан, Холмурод Салимов ҳудудий уюшма бош мутахассиси Дилором Исмадиёровага "Маънавият фидоийси" кўкрак нишонини, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева ва тележурналист Соҳиба Ўроловаларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди. Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудовнинг сумалак очиш маҳали айтган эзгу тилаклари эсда қоларли бўлди.

Дошқозондаги димлаб қўйилган баҳорий таом усти очилганда, одатда, сумалак юзаси қатламида турли тасвирлар англашилади. Масалан, ўтган йили ҳамкасбимиз Эркин Саидов хонадонида тайёрланган худди шундай сумалакда Осиё харитаси гавдаланганди. Бу гал патларини баралла ёйиб турган товус тасвири жилваланди.
Катта хурсандчилик ила кечган қўшалоқ тадбир "Сарви" кафесида ҳамкасабаларимиз учун ёзилган байрам дастурхони устида қизғин давом этди. Тантанада иштирок этган эркак журналистларнинг ҳар бири ўз табрикларини дил сўзлари, шеърлари билан изҳор этишди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири