Сирдарёда хусусий тиббиёт ривожланмоқда
Сирдарёда кейинги йилларда хусусий тиббиёт муассасаларининг сони ортиб бормоқда. Бундан беш-олти йил муқаддам вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 55 та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 144 тага, шифо ўринлари сони эса 1 238 тага етди.
Мазкур тиббиёт муассасаларининг 113 тасида амбулатор, 31 тасида стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу эса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Қолаверса, Сирдарёда замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар ҳисобига тиббий хизмат тури қамрови ошди. Касалликни барвақт аниқлаш, ташхислаш ва даволашда хусусий тиббиёт муассасаларида ҳам янгиликларга қўл урилмоқда. Олдинлари хусусий тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат тури 50 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб хизмат турлари 135 дан ошиб кетди.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Гулистон шаҳридаги "Равшан даволаш маскани"да травматология- артроскопия, урология-эндоурология , хирургик операциялар – энодохирургия ва бошқа 100 га яқин юқори технологияли даволаш ва диагностика усуллари йўлга қўйилган. "Аброр урология клиникаси" да 40 га яқин эркаклар ва аёллар касаллигини юқори технологик имкониятлардан фойдаланган ҳолда жарроҳлик усулида даволаш имконияти яратилган.

—Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор улушининг ортишига, кўрсатилаётган тиббий хизмат турларининг кўпайишига сабаб бўлди,—дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хусусийлаштириш ва тиббий туризмни ривожлантириш шуъбаси бош мутахассиси Аваз Худойбердиев, —Қолаверса, хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия бериш ишлари соддалаштирилгани, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янги ташкил этиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилгани ушбу муассасалар фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш имконини бермоқда.


Давлат тиббиёт муассасалари билан хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида вужудга келган ана шундай рақобат муҳити аҳолини тиббиёт муассасаларига эмас, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутяпти.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири