Сирдарёда “Универсал прогрессив модел” бўйича ҳамширалар ўқуви бошланди
Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ҳамширалар учун ҳамширалик ишининг янги модели – “Универсал прогрессив модел” бўйича бир ойлик ўқув курси ташкил этилди.
Гулистон шаҳрида бошланган курс Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЮНИСЕФ ташкилоти кўмагида амалга оширилди. Ҳамширалар ўқувидан кўзланган мақсад, бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларида хизмат қилаётган ҳамширалар ишини такомиллаштириш ва ривожлантиришдан иборат.
Ушбу 1 ойлик ўқув курси жараёнида барча ҳамширалар учун ҳамширалик ишининг “Универсал прогрессив модели”ни амалиётга татбиқ этиш, шунингдек,жорий йилнинг 1 июлидан синов тажриба лойиҳаси доирасида Сирдарёда татбиқ этилаётган давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ ишлар, уни амалиётга жорий этиш механизмлари ҳамда аҳолини соғлом овқатланишини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида сабоқ берилади.

Мазкур ўқув курсига шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида фаолият кўрсатаётган 25 нафар ўрта тиббиёт ходимларидан иборат тренерлар гуруҳи шакллантирилиб, улар ўқув курси давомида ҳамширалик ишининг янги модели бўйича билимларини ошириб, ўқув тугагандан сўнг, ўзлари фаолият кўрсатаётган шаҳар ёки туман тиббиёт бирлашмаларида бир ойлик ўқув курсини ташкил этиб, тиббиёт бирлашмаларида фаолият кўрсатаётган ҳамшираларга шу бўйича сабоқ беради ва уни амалиётга жорий этиш механизмларини ўргатади.
Сирдарёда янгидан, тажриба синов тариқасида жорий қилинаётган давлат тиббий суғурта тизимида, оналар ва болалар билан ишлаш, яъни тиббий хизматнинг янги тури – ҳамшираларнинг “Универсал прогрессив модели” бўйича ишлаш тартиби тўлалигича йўлга қўйилади.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА