Сирдарёда ҳунармандчилик ривожланмоқда
Амалий безак санъати турлари орасида қадимий бўлган каштачилик билан шуғулланаётган ҳунармандлар сони Қашқадарё, Сурхондарё, Нурота, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятларида бўлгани каби Сирдарёда ҳам ортиб боряпти.
Сирдарёлик ҳунармандлар томонидан тайёрланаётган сўзана, ним сўзана, ой палак, зардевор, қўроқ ёстиқ, қўроқ кўрпа, жойпўш, гулкўрпа, чойшаб, жойнамоз, ойна халта, кўйлак, дўппи, нимча, пешонабанд, камар, белбоғ, жияклар бошқа ҳудуд ҳунармандлари томонидан тикилган ва тайёрланган амалий безак санъати турларидан тубдан фарқ қилгани боис, ушбу турдаги маҳсулотлар нафақат вилоятлар, республика миқёсида ўтказилаётган тадбир ва кўргазмаларда юқори баҳоларни олмоқда.
Асли гулистонлик Наргиза Марасулова ҳунармандчиликнинг каштачилик тури билан шуғулланаётганига унча кўп бўлмаган бўлса-да, у яратаётган каштачилик санъати асарлари Республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли танловларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
У 2019 йилда Қўқон шаҳрида ўтказилган "Халқаро ҳунармандлар фестивали"да "Энг тажрибали ҳунарманд" номинацияси бўйича ғолиб бўлганди.
–Қўқон шаҳрида ўтказилган "Халқаро ҳунармандлар фестивали" куни кеча бўлгандек ҳали- ҳамон эсимда. Ўша вақтдаги ҳаяжонимни айтмайсизми, қўлда тикилган бир-биридан чиройли, бир-биридан нафис кашталар орасида мен ва шогирдларим томонидан тикилган ва тайёрлаган санъат асарларимиз нуфузли ўринга муносиб кўрилади, дея ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Шу- шу бўлдию каштачилик соҳасига шунчаки ҳавас эмас, астойдил қизиқиш билан қараб, уни ривожлантириш, Гулистон шаҳрида "Наргиза" каштачилик мактабини яратиш устида ишлаяпман. Шунга яраша шогирдларим бор. Улар ҳам каштачилик орқасидан турли танлов, кўргазмаларда иштирок этишяпти. Муҳими, оиласига даромад келтиряпти.
[gallery-20104]
Бугунги кунда нафақат Наргиза Марасулова, у сингари каштачилик орқасидан рўзғор тебратаётган сирдарёлик хотин-қизлар томонидан ип, жун, ипак, зар ва кумуш суви берилган иплардан тикилган амалий санъат асарлари Франция, Италия, Япония, Германия, Бельгия, Америка, Ҳиндистон, Хитой каби давлатларнинг амалий санъат музейларидан жой олаётганининг ўзи катта ютуқ.
Сирдарёлик каштачилар томонидан йўрма чоки орқали тикилаётган кашталар тикиш услуби билан кўпроқ Зомин, Бахмал, Чироқчи, Самарқанд каштадўзлариникига ўхшаб кетади. Шаҳрисабзлик хотин-қизлар томонидан кашталар йўрма, кандахаёл, ироқи услубда тикилса, Тошкентда кўпроқ босма чок билан тикилади.
–Сирдарёда нафақат каштачилик, гиламчилик, бешикчилик, ўймакорлик, наққошлик, темирчилик, пичоқчилик каби ҳунармандчилик турлари ривожланяпти,–дейди Сирдарё ҳунармандлар уюшмаси раиси Музаффар Раҳматов.– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида ҳунармандларга қатор имтиёзлар ва преференциялар берилди. Бу эса ҳунармандлар сонининг ортишига, улар яратаётган ҳунармандчилик маҳсулоти турларининг кўпайишига туртки беряпти. Мисол учун айтадиган бўлсам, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори қабул қилингунга қадар аъзоларимиз сони 172 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 600 нафардан, "Уста-шогирд" мактаби анъаналари асосида тайёрланган шогирдлар сони 2097 нафардан ошиб кетди.
Бугунги кунда Сирдарёда каштачилик сингари миниатюра, ранг тасвир, наққошлик ва бўёқли нақшлар йўналишида фаолият кўрсатаётганлар ҳам кўп. Гулистонлик ҳунарманд Ўктам Шодмонқулов яратаётган қовоқ-кади, миниатюра, ранг тасвир, наққошлик ва бўёқли нақшлар мана бир неча йилдирки, йирик халқаро анжуманларда эътироф этилмоқда.
–Четдан бирорта ҳам хомашё олмаймиз, қовоқ-кадиларни томорқамизда етиштирамиз,– дейди ҳунарманд, "Шуҳрат" медали соҳиби Ўктам Шодмонқулов.– Уларни етиштириш кўп меҳнат талаб этмайди. Фақат ўсаётган вақтида шакл берсак, шунда улар қолипга тушади. Бунинг учун гипс ва ёғочлардан фойдаланамиз. Биз истаган шаклда бўлишга халақит берадиган қисмини ўсаётган даврида олиб ташлаймиз. Энг муҳими, бу ишимиз кўпчиликка манзур бўлганлиги боис, Пекинда, Қозон ва бир қанча давлатларда кўргазмалар ўтказдик.
Ўктам Шодмонқуловнинг шогирди Темур Маматқулов халқаро ҳунармандлар фестивалида "Миниатюра, рангтасвир, наққошлик ва бўёқли нақшлар" йўналишида "Энг ёш ҳунарманд" номинациясини қўлга киритди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Муҳими, сирдарёлик ҳунармандлар қайси соҳада шуғулланмасин, шу соҳанинг ривожланишига, ўзларидан муносиб издошлар қолдиришга ҳаракат қиляпти. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг даромади, вилоятнинг эса ҳунармандчилик йўналишидаги нуфузи ошишига ҳисса қўшяпти.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири