Сирдарёда ДХХ кубоги: футбол байрамига старт берилди
Сирдарё вилоятида ёшлар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда иқтидорли футболчиларни кашф этишга қаратилган йирик спорт тадбирларидан бири — Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг вилоят босқичига тантанали равишда старт берилди.
Гулистон давлат университетида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақа “Соғлом ёшлар — Янги Ўзбекистон келажаги” шиори остида ташкил этилди.. Ушбу турнир маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини-футболни оммалаштириш, жамоавийлик, дўстлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Одил Шеркулов иштирок этиб, мусобақанинг ёшлар ҳаётидаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Улар бундай спорт лойиҳалари ёшлар ўртасида ҳамжиҳатликни кучайтириш, уларни фаол ҳаёт тарзига жалб этишда муҳим омил эканини қайд этдилар.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, ДХХ кубоги селекция ишларини қуйи бўғинларда тизимли йўлга қўйишда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда ушбу турнир орқали Сирдарё футбол мактаби вакиллари республика ва халқаро майдонларда ҳам ўз салоҳиятини намоён этиб келмоқда. Жумладан, миллий терма жамоа сафида Аббосбек Файзуллаев, Иброҳим Ҳалилйўлдошев, Садриддин Ҳасанов, Муҳаммад Ҳакимов, Азизбек Бўлиминов каби футболчиларнинг муваффақиятлари ҳам айнан шу тизим самараси сифатида тилга олинмоқда.

Турнир тарихи ҳам эътиборга молик. Ўтган йилги мусобақада Гулистон жамоаси футзал бўйича олий лига йўлланмасини қўлга киритган бўлса, жорий йилдаги баҳсларда ҳам вилоят жамоалари юқори натижаларни қайд этишга интилмоқда.
Мусобақа 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни қамраб олган бўлиб, жамоалар орасида кураш юқори кайфият ва кескин рақобат руҳида кечиши кутилмоқда. Қуръа ташлаш маросимида жамоалар ўз гуруҳларидаги рақибларини аниқлаб олдилар.
Тадбирда сўз олган иштирокчилар ҳам бу каби мусобақалар ёшлар учун катта имконият эканини, айниқса, маҳалла даражасида футбол инфратузилмаси яхшиланишига туртки бўлаётганини таъкидладилар. Жумладан, Янгиер шаҳрининг Абдураҳмон Жомий маҳалласи жамоаси мураббийи Фаррух Элмуродов ДХХ кубогидаги ғалабалар натижасида маҳаллада замонавий стадион қурилиб, ёшлар учун янги имкониятлар яратилганини алоҳида қайд этди.

– Бу йил ҳам мусобақада иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз, – дейди у.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан келган жамоалар ўртасидаги баҳслар қизғин давом этмоқда.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, ДХХ кубоги нафақат спорт мусобақаси, балки ёшлар ўртасида дўстлик, жамоавийлик ва соғлом рақобатни мустаҳкамлайдиган катта спорт байрами ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА