Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Гулистон шаҳрида ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда эстетик салоҳиятини юксалтириш мақсадида бадиий гимнастика бўйича “Шаҳар ҳокими олимпиадаси” ташкил этилди. Мазкур беллашув “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент олимпиадаси – 2026” оммавий спорт мусобақалари доирасида ўтказилди.
Мусобақада Гулистон шаҳар спорт мактаби ва маҳаллий тўгарак аъзолари бўлган юздан ортиқ иқтидорли гимнастикачилар ўз маҳоратини намойиш этди. Қизларнинг нафис ҳаракатлари ва мураккаб техник элементлари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, ўз ёш тоифаларида 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилноза Умматқулова ҳамда 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳнура Сафарова мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олди.

***
Сирдарё вилоятида O‘zLiDeP томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Юракка йўл” акцияси ўз ижобий натижаларини бермоқда. Мирзаобод туманининг “Дўнгариқ” маҳалласида “Маҳалла еттилиги” ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда уйма-уй юришлар ташкил этилди.
Ўрганишлар давомида ўнлаб фуқароларнинг яшаш шароитлари, ижтимоий ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолари атрофлича ўрганилди. Ҳар бир мурожаат юзасидан соғлиқни тиклаш, моддий ёрдам ва кадастр масалалари бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Акция доирасидаги бундай очиқ мулоқотлар жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

***
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан, “S.S.H.” фермер хўжалигининг “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси олдидаги 49,3 миллион сўмлик қарздорлигини ундириш белгиланган эди. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Гулистон туман бўлими томонидан берилган ихтиёрий муддатда қарздорлик бартараф этилмади.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор хўжаликка тегишли “Volkswagen” русумли автомашина хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди. Ҳозирда автотранспорт воситасини баҳолаш ва аукцион савдоларига чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар ижро ҳужжатлари талабларини ўз вақтида бажармаслик мана шундай ҳуқуқий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантиради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири