Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ховос туманида 200 дан ортиқ хотин-қизларнинг ташаббуслари молиялаштирилади. Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиб, ташаббусларини молиялаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ховос туманида "Аёллар дафтари" га киритилган хотин-қизлар қандолатчилик, тикувчилик, паррандачилик, чорвачилик ҳамда хизмат кўрсатиш каби соҳаларда тадбиркорликни бошлаш учун дастлабки билимларни олишди.

Туманнинг 4 та ҳудудида вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан ташкил этилган семинар ва тадбиркорлик соатларида иштирокчиларнинг бизнес, уни муваффақиятли ташкил этиш ва юритиш бўйича билим ҳамда кўникмалари оширилди. Галдаги вазифа ушбу аёлларнинг ташаббусларини молиялаштиришдан иборат. Бунинг учун 225 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, мавжудларини ривожлантириш учун 3,8 миллиард сўм кредит ажратилиши режалаштирилмоқда.
Янгиер шаҳрида "Янгиер ёшлари бир нуқтада бирлашамиз" шиори остида спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Тадбирда Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш даражасини янада оширишга қаратилаётган чора-тадбирлар, айниқса ёшларга кўрсатилаётган эътибор ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

– Бу тадбир шаҳримиз ёшларини ўртасида ҳамжиҳатликни уйғотиш, маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилиш ва уларнинг қизиқишларини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – деди шаҳар ҳокими.
Арқон тортиш, югуриш, узунликка сакраш, тош кўтариш бўйича ўтказилган мусобақа ғолиблари шаҳар ҳокимлигининг "Фахрий ёрлиқ", медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ш.Суяров,
ЎзА