Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Мустақиллик байрами арафасида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида “Ёшлар меҳнат гузари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Байрамолди хабарлар – қисқа сатрларда
Мустақиллик байрами арафасида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида “Ёшлар меҳнат гузари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда вилоят прокуратураси, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирок этди.
Вилоят прокурорининг ташаббуси билан 2-сектор ҳудудида бўш ётган бино таъмирланиб, туман “Ёшлар меҳнат гузари”га айлантирилди. Унда нон цехи, сартарошхона, тикувчилик цехи ҳамда касбга ўқитиш бўйича марказ ўз фаолиятини бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тадбирда туман ёшлари бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 25 нафар йигит-қиз ўзлари танлаган йўналиш бўйича тумандаги бўш иш ўринлари мавжуд ташкилотларга ишга жойлаштирилди.
***
Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизим ходимлари мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини уюшқоқлик билан амалга оширмоқда.
Тозалик, ободончилик бор жойда хайр-барака бўлади, деган нақлга амал қилган соҳа ходимлари ҳаво ҳароратининг салқинлашишидан унумли фойдаланиб, бошқарма ва туман-шаҳар бўлимлари бинолари атрофларида кенг кўламли тозалаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширмоқда, ҳудудга турли манзарали гул кўчатлари ўтқазиш ишлари изчил олиб борилмоқда.
***
Ховос туманида пахта йиғим теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва етиштирилган ҳосилни нес-нобут қилмасдан йиғиб олиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман ҳокими У.Камолов, секторлар ва маҳаллалардан ихтиёрий равишда шакллантирилган терим отрядларининг раҳбарлари иштирок этди.
Жорий мавсумда туманда 80 та терим отрядлари ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, уларга тажрибали маҳалла фаоллари бириктирилган.
Йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга ва вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга мутлақо йўл қўйилмаслиги қатъиян таъкидланди.
****
Сайхунобод туманидаги “Шомирзабой” фермер хўжалигининг сув тежовчи технологияси ўрнатилган 38,5 гектарлик пахта майдонида ҳудуддаги фермерлар иштирокида “Сув тежовчи технологиянинг афзалликлари ва унинг хусусиятлари” мавзусида кўргазмали ўқув-семинар ташкиллаштирилди.
Унда туман ҳокими ўринбосари О.Бердибеков, Қуйи Сирдарё ИТҲБ бўлим бошлиғи И.Солибоев ҳамда тажрибали фермер М.Шомирзаевлар томонидан сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, кам сув билан ҳосилдорликка эришиш, маҳсулот таннархининг арзонлиги, иш унумдорлиги, юқори сифатли маҳсулот етиштириш хусусиятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.