Синовни саховат билан енгамиз
Юртимизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати иш бошлаганига бир неча кун бўлди.
Юртимизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати иш бошлаганига бир неча кун бўлди. Айниқса, бу жараёнда тадбиркорлар алоҳида ҳисса қўшмоқда.
– Саховатпешалик халқимизнинг қонида бор, – деди Янгийўл туманидаги “Инсоф” МЧЖ раҳбари Боқижон Муҳаммедов. – Мен бундай ҳаракатни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Биз ҳам имконият даражасида ночор оилаларга ёрдам бериб келмоқдамиз. Ҳозиргача 700 кг картошка, 600 кг пиёз, 400 кг сабзи, 300 литр ёғ, 600 кг ун, 600 кг макарон тарқатдик.
Жорий йил баҳор ойининг бошида Тошкент вилояти ҳокимининг ташаббуси билан савобли ишга қўл урилди. Вилоятнинг барча туманларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Минг оилага — минг туҳфа!” ижтимоий хайрия акцияси бошланди. Акцияга кўра, эҳтиёжманд оилаларга бир бошдан соғин сигир бериляпти.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, ушбу хайрия акцияси доирасида вилоят ҳокимлиги томонидан саховатпеша инсонлар, ҳомийлар ва корхона-ташкилотлар кўмагида мингта кам даромадли оиланинг ҳар бирига бир бошдан соғин сигир ҳадя қилиш кўзда тутилган.

Халқимизда сигири бор уйда барака бўлади, деган мақол бежиз айтилмаган. Сигирнинг сути, ёғи, қатиғи оилага зарур. Ортиқчасини бозорга олиб бориб сотса, оила бюджетига фойда. Оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сигир олган ҳар бир хонадон уй бекасига меҳнат дафтарчаси очилади. Яъни уларга иш стажи юритилади. Шу билан бирга, хонадонларга тадбиркорлар бириктирилиб, сигирнинг озуқасидан хабар олишга, сут ва ёғини сотишга кўмаклашади.
Меҳр-саховат тадбири дастлаб Оққўрғон туманидан бошланиб, камбағал ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 47 тасига турмуш шароитини яхшилаб олиши учун бир бошдан соғин сигир топширилди.
– Бизга кўрсатилган бундай мурувватдан кўзларимга ёш келди, – деди Оққўрғон туманидаги “Зарбдор” маҳалласида истиқомат қиладиган Нигора Қодирова. – Севинганимдан йиғлаб юбордим. Кутмагандим, тўғриси. Шундай бағрикенг, одамийлик, оқибат, хайр-саховат устун юртда яшаётганимга яна бир бор шукроналар айтдим. Биринчи навбатда, биз каби қўли калта оилаларни қўллаб-қувватлаётган, камбағаллигимизни аритаман, деб туну кун заҳмат чекаётган Президентимизга, ташаббусни бошлаган вилоятимиз ҳокимига чексиз ташаккурлар айтаман. Энди бизнинг ҳам сигиримиз бор, уйимизга ҳам барака кирди, оғзимиз оққа етди. Минг раҳмат.
Бўка туманида ҳам акция доирасида 30 оилага саховатпеша фермер ва тадбиркорлар ҳомийлигида қорамол улашилди. Шунингдек, Тошкент, Қуйи Чирчиқ, Зангиота, Паркент, Оҳангарон, Бекобод, Янгийўл, Бўстонлиқ ва бошқа туманлардаги камбағал ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳам бугун ушбу акция доирасидаги бундай инсонпарварлик ёрдамидан баҳраманд бўлди.
Ўрта Чирчиқ туманида ҳам турмуш шароити оғир ва эҳтиёжманд оилаларга 50 бош қорамол тарқатилди. Фуқароларга сигир топшириш тадбирида вилоят ҳокими Рустам Холматов ҳам иштирок этиб, одамларнинг хурсандчилигига шерик бўлди.
– “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз, – деди Оҳангарон туман “Санам” маҳалласидаги “Шаҳзодбек асри” МЧЖ раҳбари Абдулазиз Жониқулов. – Бундай савоб ишларни амалга ошириш халқимизга хос фазилат ҳисобланади. Умуман мусулмон киши савобли ишлардан четда турмаслиги керак. Қўлидан келганича, уни қилиши лозим.