Сингапурлик мутахассислар иштирокида тренинг ўтказилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида таълим соҳасидаги халқаро мутахассис-экспертлар иштирокида тренинг машғулотлари ташкил этилди.
Тренинг тадбирида мактаб ўқувчиларида тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантирувчи ўқув топшириқларини тузиш, уларда танқидий, ижодий, ўзига хос фикрлашни ривожлантиришнинг замонавий усуллари хусусида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.
–Биз асосий эътиборни болаларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратамиз, – деди сингапурлик мутахассис Хайри Абдуллоҳ. – Бунда айниқса, ўқувчилар ўз билимларини амалий томонидан қўллай олишларига катта урғу берамиз.
– Бугун ҳар жиҳатдан замон билан ҳамнафаслик, ҳамқадамлик талаб этилмоқда, – деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Норбекова. – Бунда энг илғор хорижий давлатларнинг мутахассислари билан педагоглар, дарслик муаллифларининг ўзаро фикр алмашишига катта аҳамият қаратилмоқда.
Хорижлик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Табиий фан мазмун-мундарижасини ташкил этувчи ўқув фанларидаги интегратив ёндашув ҳақида батафсил фикр алмашди. Ўзаро тушуниш, дўстлик, ҳамкорлик, фикр алмашиш руҳидаги ушбу тренинг иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, хорижлик меҳмонлар ва фан мутахассислари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабида яратилган шарт-шароитлар ҳамда таълим жараёнларини кўздан кечирди.
Бу ерда Табиий фанларни ташкил этувчи география, кимё, физика, биология дарсларини кузатиб, ушбу фанлар ўқитувчиларига ўзларининг керакли методик тавсияларини бериб ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири