Сифатсиз нефть маҳсулотлари сотилишига чек қўйилди –“Ўзэнергоинспекция”
Ҳудудларда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида сифатсиз нефть маҳсулотларини реализация қилиш ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қатор ҳолатлар аниқланмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг хабар беришича, Андижон вилоятида ўтказилган назорат тадбирида “Қ.Т.О” МЧЖга қарашли АЁҚШда дизель ёқилғиси лабораторияда таҳлил қилинганда, унинг давлат стандартлари талабларига мос келмаслиги аниқланган.
Мазкур қоидабузарлик учун реализация қилинган нефть маҳсулотининг 50 фоизи миқдорида, яъни 11,5 миллион сўм жарима қўлланилган. Шунингдек, АЁҚШда сақланаётган нефть маҳсулотининг сифатини қайта тиклаш бўйича кўрсатма берилган.
Қарши шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида эса “Н. А. С.” МЧЖга қарашли АЁҚШда АИ-92 маркали автобензин лабораторияда таҳлил қилинганда, унинг давлат стандартлари талабларига мос келмаслиги, яъни сифатсизлиги аниқланган.
Ушбу қоидабузарлик учун реализация қилинган нефть маҳсулотининг 50 фоизи миқдорида, яъни 14,5 миллион сўм жарима белгиланган. Шунингдек, АЁҚШда қолдиқ сифатида сақланаётган нефть маҳсулотининг сифатини қайта тиклаш лозимлиги бўйича талаб қўйилган.
Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида “А.Ҳ.” хусусий корхонасига қарашли ғишт ишлаб чиқариш цехида ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартириб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган. Натижада электр таъминоти корхонасига 745 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида “Н.С.Ч.” фермер хўжалигига қарашли сув насосларида ҳам ҳисоблагичнинг уланиш схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани аниқланиб, 623 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Бўстонлиқ туманида фуқаро Қ.Ф.га қарашли нотурар бинода ҳам шундай қоидабузарлик қайд этилди. Бунинг оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 78 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Инспекция мутасаддилари электр энергиясидан ноқонуний ва беҳуда фойдаланиш, шунингдек, нефть маҳсулотларининг белгиланган сифат талабларига жавоб бермаслиги қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб, истеъмолчилар ва тадбиркорларни амалдаги талабларга қатъий риоя қилиш зарурлигини таъкидламоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА