Сифатсиз дорилар савдосининг олди олинди
Аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи омиллардан бири — сифат кафолати мавжуд бўлмаган дори воситаларининг ноқонуний савдосидир. Бундай маҳсулотлар инсон ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши, касалликларнинг оғирлашишига ёки кутилмаган асоратларга олиб келиши мумкин. Шу боис мамлакатимизда дори воситалари муомаласини назорат қилиш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилди. Тезкор тадбир натижасида сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган дори воситаларини ноқонуний равишда муомалага киритиш ҳолатига чек қўйилди.
Маълум бўлишича, “B.M.” МЧЖ раҳбари Э.У. ва дорихона фармацевти Ш.У. ўзаро тил бириктирган ҳолда, тегишли сифат сертификатлари ва тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 5 қути дори воситасини 5 миллион 900 минг сўмга сотган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Текширув жараёнида аниқланган ҳолатлар эса янада ҳайратланарли бўлди. Дорихонада ўтказилган кўздан кечириш ишлари давомида умумий қиймати 90 миллион 900 минг сўм бўлган, 128 турдаги 13 минг 403 дона дори воситаси ҳеч қандай сифатни тасдиқловчи ҳужжатларсиз сақланаётгани маълум бўлди. Мазкур дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мутахассислар таъкидлашича, дори воситаларининг келиб чиқиши ва сифати тасдиқланмаган бўлса, уларнинг таркиби, сақлаш шароити ҳамда инсон организмига таъсири бўйича ҳеч қандай кафолат бўлмайди. Бу эса аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири