Сифатли маҳсулотнинг харидори кўп бўлади
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги “SHANGFENG-BRIDGE OF FRIENDSHIP” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган цемент маҳсулоти қисқа фурсат ичида ички ва ташқи бозорда харидорларини топди.
Гап шундаки, жорий йилнинг апрел ойида иш бошлаган корхона юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни асосий мақсад сифатида белгилаган.
Бугун Ўзбекистонга сармоя киритиш истагида бўлган компания ва инвесторлар жуда кўп. Хусусан, Хитой билан барча соҳаларда ҳамкорликнинг кўлами кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Андижон вилоятида ҳам хитойликлар билан ҳамкорликда кўплаб корхоналар фаолият кўрсатмоқда.
Хитойнинг “CONCH” корпорацияси юртимизнинг турли ҳудудларида истиқболли ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Мазкур компания 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, цемент ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринда туради. Фаолияти кўп тармоқли бўлиб, цемент, кимёвий материаллар, чиқиндиларни қайта ишлаш, юк ташиш, қурилиш соҳаси каби кўплаб йўналишларда ишлайди. “CONCH” корпорациясининг 500 дан ортиқ шўъба корхонаси мавжуд. Ўзбекистон, Индонезия, Лаос, Мянма, Камбоджа ва бошқа мамлакатларда фаолият кўрсатади.
Булоқбошида қурилган учинчи замонавий ва ақлли цемент заводи компаниянинг Ўзбекистондаги асосий инвестиция лойиҳасидир. Лойиҳага 260 миллион АҚШ долларидан зиёд сармоя киритилган. Эътиборли жиҳати, корхонада дунёдаги энг илғор, атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи ва энергия тежовчи ишлаб чиқариш технологиялари ўрнатилган. Унинг йиллик қуввати 2,5 миллион тонна 400 дан 700 маркагача цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳанинг экспорт салоҳияти йилига 10 миллион долларни ташкил этади. Корхонада 750 та иш ўрни яратилди. Завод учун жами 74 гектар ер майдони ажратилган.
Корхона маҳсулотлари ички эҳтиёжни қоплаш билан бирга қўшни Қирғиз Республикасига ҳам экспорт қилинмоқда.

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилиш саноати жадал ривожланмоқда, – дейди қўшма корхона раҳбари Чжао Вэйцян. – Шу боис қурилиш материалларига талаб ҳам ортган. Бизнинг инвестиция лойиҳамиз ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда амалга оширилди. Энг сўнгги технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этдик. Шу билан биргаликда соҳага замонавий энергия тежовчи ускуналарни ўрнатганимиз маҳсулот таннархига ҳам таъсир қиляпти. Корхонамизда иссиқлик чиқиндисини қайта ишлаб, электр-энергия сарфининг 45 фоизи қопланишига эришиляпти. Келгусида “яшил энергия” соҳасини жорий этишда кўплаб ишларни режалаштирганмиз. Бу корхонанинг давлатдан олаётган электр-энергиясининг қисқариши ҳамда маҳсулотимизнинг арзон бўлишига хизмат қилади.
Албатта, хитойликлар билан ҳамкорлик биргина лойиҳа билан тўхтаб қолгани йўқ. Жорий йилнинг бошида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошлигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи давомида янги келишувларга эришилди. Хитойлик ҳамкорлар билан учрашувда Булоқбоши туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш бўйича 300 миллион долларлик келишув имзоланди.

Лойиҳада йиллик 18 миллион квадрат метр керамогранит, 750 минг тонна оҳак, 100 миллион дона полипропилен қоп ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 300 та юк машиналари билан хизмат кўрсатувчи логистика хизмати ташкил этилади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида Булоқбоши туманида 2 минг 180 та иш ўрни яратилади.


Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар уларни янги ташаббусларга, лойиҳаларга ундамоқда. Қурилиш соҳасига йўналтирилаётган тўғридан тўғри инвестициялар эса рақобатбардош ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилаётгани билан муҳим ўрин тутмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири