Сифат ва маҳсулдорлик ошмоқда
Фермер хўжаликларининг фаолият қамровини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашдаги иштирокини кенгайтириш, хусусан, паррандачиликни ривожлантириш бўйича Тошкент вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Фермер хўжаликларининг фаолият қамровини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашдаги иштирокини кенгайтириш, хусусан, паррандачиликни ривожлантириш бўйича Тошкент вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари қулай ва замонавий товуқхоналар билан таъминланди. Уларда ҳаво ҳарорати ҳамда намлигини мақбул меъёрда сақлаш, сув ва озуқа билан автоматик таъминлаш йўлга қўйилди.
Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, вилоятда икки юзга яқин паррандачилик фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бирида уч юздан уч минггача парранда парваришланаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур хўжаликлар томонидан 15 миллион донага яқин тухум, икки юз минг тоннадан зиёд гўшт етказиб берилди.
Банк кредити ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари эвазига ташкил этилган янги хўжаликларда беш юзга яқин иш ўрни яратилди. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, дастурхонига файз-барака киритиш баробарида иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилаётир.
– Бу соҳада тез маҳсулот етиштириш ва фойда олиш мумкин, кўп харажат ҳам талаб қилинмайди, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси масъул ходими Шакарбой Деҳқонбоев. – Хона ҳарорати мўътадил, озуқа етарли бўлса кифоя. Гўшт етиштириш учун парваришланаётган товуқ 40 кун ичида бемалол 2 килограмм тош босади. Битта товуқ йилига 305-315 дона тухум беради.
Маълумотларга кўра, илгари жўжалар 150 кунда тухумга кирган. Энди бу муддат 50-53 кунга қисқарди. Парҳез гўшт етиштириш жараёни 40-45 кунни ташкил этаётир. Маҳсулдорликни ошириш мақсадида элликдан ортиқ инкубатор фаолияти йўлга қўйилиб, ундан олинган жўжалар шартнома асосида янги ташкил этилган хўжаликлар ва аҳолига етказиб берилмоқда.
Юқори Чирчиқ туманида яшовчи Бахтиёр Қосимов четдан зотдор товуқлар келтириб, “Парранда саноат барака” фермер хўжалигини ташкил этди. Товуқларни касаллантирмай парвариш қилиш учун ҳудуддаги ветеринария муассасаси билан шартнома тузди. Айни пайтда хўжаликда нафақат тухум, балки парҳез гўшт етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган даврида истеъмол бозорига 100 тоннага яқин парранда гўшти етказиб берилди.