Сиэтлда Ўзбекистон мустақиллиги куни нишонланмоқда
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг турли нуқталарида кенг нишонланмоқда. Бу йилги Мустақиллик байрами муносабати билан хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, давлат рамзлари ва бой маданиятига бўлган эътибор намоён этилаётгани алоҳида аҳамият касб этади.
Хусусан, АҚШнинг йирик шаҳарлари қаторида Сиэтлда ҳам Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан ўзига хос рамзий тадбирлар ташкил этилди. Шаҳарнинг таниқли масканларида Ўзбекистон давлат байроғининг намойиш этилиши мамлакатимиз миллий байрамига халқаро майдонда кўрсатилаётган ҳурматнинг ёрқин ифодасига айланди.

Эллиот кўрфази соҳилида жойлашган Bell Harbor халқаро конференциялар марказида Ўзбекистон давлат байроғи АҚШ ва Канада байроқлари қаторида кўтарилди. Шунингдек, шаҳарнинг машҳур диққатга сазовор масканларидан бири – Seattle Great Wheel Ўзбекистон байроғи рангларида ёритилди. Сиэтл соҳилида қад ростлаган, баландлиги 53 метр бўлган ушбу улкан чархпалак 42 та кабинага эга. Ундан Сиэтл шаҳри, Эллиот кўрфази ҳамда атрофдаги тоғларнинг кенг манзараси намоён бўлади.
Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон давлат байроғининг кўтарилиши ва шаҳарнинг машҳур Seattle Great Wheel иншоотининг Ўзбекистон байроғи рангларида ёритилиши оддий тантанавий тадбирдан кўра кенгроқ маънога эга. Бу каби рамзий ташаббуслар икки давлат халқлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганини ифодалайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА