Сианда Учинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 21-22 май кунлари Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳрида Учинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди.
Мазкур форум икки мамлакат ҳудудлари, бизнес доиралари, илмий ҳамжамият ва ривожланиш институтлари ўртасидаги амалий мулоқот учун энг муҳим платформалардан бири ҳисобланади. Унда икки давлат вазирлик ва идоралари, ҳудудий ҳокимият органлари, илмий доиралар, бизнес-ассоциациялар, етакчи компаниялар ва тадбиркорлик ҳамжамиятининг 2000 га яқин вакили иштирок этди. Сиань халқаро кўргазмалар марказида форум доирасида очилган “Made in Uzbekistan” миллий павильони ўз ишини 25 майгача давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Сианда кенгайтирилган амалий ташриф билан бўлди. Ташриф дастуридан “Ипак йўли” 10-халқаро кўргазмаси ва Учинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг асосий тадбирларида, жумладан, “Хитой-Европа” темирйўл экспресси иқтисодий йўлаги доирасидаги ҳамкорлик бўйича глобал конференцияда иштирок этиш ўрин олган эди. Шунингдек, Бош вазир ўринбосари иштирокида давлат тузилмалари ва Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.
Хитойда бўлиб ўтган “Юқори сифатли ривожланиш орқали умумий модернизация” мавзусига бағишланган форум ҳамда 10-халқаро Ипак йўли кўргазмасининг очилиш маросимида икки мамлакат ҳукуматлари ва ҳудудий раҳбарияти, вазирлик ҳамда идоралари, шунингдек, ишбилармон доираларининг 700 дан зиёд вакили иштирок этди. Очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев сўзга чиқиб, форум Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва истиқболларни белгилаб олишда муҳим майдонга айланиб бораётганини таъкидлади.

–Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо, сармоявий ва технологик ҳамкоридир, – деди Ж.Хўжаев. – Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми 3 баробарга ошиб, ўтган йил якунига кўра қарийб 18 миллиард долларни ташкил қилди. Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 2023 йилда 17 миллиард долларга етди. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида 5600 дан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналар сонини кўпайтириш зарур. Бу, айниқса, электротехника, автомобилсозлик, кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати учун муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, форум иштирокчиларига Шэньси провинцияси Халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси, вилоят партия қўмитаси котиби Чжао Идэ, Хитой халқининг хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамияти раиси Ян Ваньмин, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, “Хитой - Марказий Осиё” механизми Бош котиби Сунь Вэйдун, Сзянсу провинцияси Халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Фань Сзиньлун, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлари Улуғбек Мустафоев ва Эркинжон Турдимов, шунингдек, Юньнань провинцияси губернатори ўринбосари Чжао Сзюньмин ҳам мурожаат қилди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланиб бораётганини, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини шакллантиришда ҳудудлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини, давлат раҳбарлари даражасида инвестициявий ва саноат кооперацияси учун яратилаётган имкониятларни ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Форум доирасида бир қатор тармоқ шўъба йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда савдо-инвестициявий ҳамкорлик, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, илмий-техник инновациялар, замонавий қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорлик соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, қатор инвестициявий ва кооперация лойиҳалари юзасидан келишувларга эришилди.
Форум доирасида 21-25 май кунлари Сиань халқаро кўргазмалар марказида умумий майдони 2000 кв. метр бўлган “Made in Uzbekistan” миллий павильони ташкил этилди. Павильонда Ўзбекистон ҳудудларининг экспорт ва инвестиция салоҳияти, туризм, маданият ва ҳунармандчилик соҳасидаги имкониятлари ҳамда таълим соҳасидаги истиқболли йўналишлар намойиш этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим воқеалардан бири Alibaba.com халқаро платформасида миллий павильоннинг ва “Alibaba’нинг 100 акселератори” дастурининг ишга туширилиши бўлди. “Alibaba” маркетплейси билан интеграция Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларига тайёр рақамли пештахта ва платформада алоҳида саҳифа тақдим этади. Бу жаҳон харидорларининг “Made in Uzbekistan” брендига ишончини оширади, кичик ва ўрта бизнес учун халқаро бозорларни очади, шунингдек, замонавий электрон тижорат каналлари орқали миллий экспортни қўллаб-қувватлашнинг қудратли воситасига айланади.
Дастур доирасида Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси раиси ўринбосари Пен Сзинхуа ҳамда Хитой томони билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат кооперацияси, инвестициявий шериклик, савдо, логистика масалалари ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини Хитой бозорига олиб чиқиш йўлларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки кунлик ташриф доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида давра суҳбати, шунингдек, электрон тижорат, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, саноат, технологиялар, логистика, заргарлик саноати, инвестиция ва аграр ривожланиш соҳаларида фаолият юритувчи етакчи Хитой компаниялари раҳбарияти билан қатор музокаралар ўтказилди.
Ж.Хўжаев бошчилигидаги делегация, шунингдек, 10-халқаро “Ипак йўли” кўргазмаси доирасида ташкил этилган “Хитой-Европа” темирйўл экспресси иқтисодий йўлаги бўйича ҳамкорликка бағишланган глобал конференцияда ҳам иштирок этди.
Ҳукумат комиссияси ахборот хизматига кўра, Сианга ташриф Ўзбекистоннинг Хитой билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, инвестицияларни жалб этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ва тадбиркорлари учун имкониятларни кенгайтириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларининг таркибий қисмидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА