“Shymkent Marathon”: атлетларимиз совринли ўринларни эгаллади
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган “Shymkent Marathon” мусобақасида 4500 нафарга яқин атлетлар марафон, ярим марафон, 10 ва 5 км масофага югуриш бўйича ўзаро рақобатлашди.Қувонарлиси мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган атлетларимиз муваффақиятли иштирок этди.
Марафон баҳсларида Шоҳрух Давлатов белгиланган масофани 2 соат 25 дақиқада босиб ўтиб, маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ундан 1 дақиқа 31 сония ортда қолган яна бир вакилимиз Зокирилло Маматқулов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ярим марафонда экаклар ўртасида Отабек Тошқуватов биринчи, Нодирбек Муталипов эса иккинчи бўлди. Шунингдек, ушбу йўналишнинг хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда Мохинабону Комилова маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, Тамила Қўчқорова иккинчи бўлиб финиш чизиғини босиб ўтди.
“Shymkent Marathon” мусобақасининг 10 ва 5 км масофага югуриш баҳсларида Бекзод Байматов ва Евгений Фадеев барча рақибларини ортда қолдириб, чемпионга айланди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА мухбири