Швециялик профессор талабаларга маъруза ўқиди
Халқаро ҳамкорлик дастури доирасида юртимизда бўлиб турган Швециянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан Лунд университети профессори Рустамжон Ўринбоев Андижон давлат университети талабаларига маъруза ўқиди.
Хорижлик профессор ўз маърузасида давлат ва ҳуқуқ тизимининг шаклланиш босқичлари, турли давлатлар ҳуқуқий тизимларнинг ривожланиш тажрибаси ва хусусиятлари, замонавий ҳуқуқий давлат қуриш жараёнлари, шунингдек, Европа давлатлари мисолида қонунчилик тизимининг эволюцияси, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш масалалари юзасидан талабаларга кенг маълумотлар берди.

Маъруза-машғулот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга халқаро тажриба ва илғор илмий ёндашувлар асосида батафсил жавоблар олди. Ушбу маъруза талабаларнинг назарий билимларини бойитиш билан бирга, давлат ва ҳуқуқ тизимидаги халқаро тажрибалар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА