Швеция ва Дания миграция идоралари вакиллари Ўзбекистон Омбудсман офисига ташриф буюрди
Мамлакатимизга Швеция Қироллиги Миграция агентлиги вакили Эмма Шимичич ҳамда Дания Иммиграция хизмати катта маслаҳатчиси Алекс Хеммингсен ташриф буюрди.
Ташриф доирасида мамлакатимизда миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг миграция жараёнларига таъсири, шунингдек шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ қонунчилик ва амалиёт хусусиятларини ўрганиш мақсадида қатор идоралар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) офисига ташриф доирасида делегация вакиллари Омбудсман ўринбосари Бекзод Нариманов билан учрашди.
Суҳбат чоғида Омбудсман институти томонидан хорижда яшаб меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, бу йўналишда хорижий давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, мазкур ҳамкорлик орқали фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва амалий ечим топиш имкониятлари кенгайгани қайд этилди.
Учрашувда миграция жараёнларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда бу борадаги ўзаро ахборот алмашинувини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА