Швеция АҚШ кафолатига таянмоқда
Қўшма Штатлар НАТОга кириш ҳақидаги аризасини кўриб чиқишда Швециянинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳақда Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувдан сўнг берган интервьюсида маълум қилди, дейилади "Interfax.ru" ахборотида.
Хабарда Швеция расмий вакилининг "Табиийки, мен тафсилотларга тўхталиб ўтмайман, лекин биз Америка кафиллигига ишонамиз", деган сўзлари иқтибос қилиб келтирилган.
Вазир таъкидлашича, кафолат шундан иборатки, агар Россия Швецияга таҳдид соладиган чора қўлласа, Қўшма Штатлар буни жавобсиз қолдирмайди.
АҚШ Давлат департаментининг учрашувдан сўнг эълон қилган баёнотида эса Блинкен Вашингтон НАТОга қабул қилиш сиёсатида содиқлигини яна бир бор тасдиқлагани, аммо хавфсизлик кафолати ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермагани айтилади.
Қайд этилишича, Швеция ва Финландиянинг шу ой НАТОга кириши бўйича қарор қабул қилиши кутилмоқда.