Шукроналик – беназир неъмат!
Эл бошига синов тушганда кимнинг кимлиги яққол билинади, дея бежиз айтилмаган экан.
Давр нафаси
Эл бошига синов тушганда кимнинг кимлиги яққол билинади, дея бежиз айтилмаган экан. Шукурки, аксарият ҳамюртларимиз ҳозирги коронавирус пандемияси даврида давлатимиз томонидан аҳволни юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, улар тўла-тўкис амалга ошиши йўлида фидойилик кўрсатишяпти.
Бироқ карантин даврида ҳукумат, ҳокимлик, маҳалла фақат мени боқиши керак деб ўйлайдиган тўрт мучаси соғ “камбағалларимиз” ҳам ҳаракатга тушиб қолгани ҳам бор гап. Буни кўриш учун давлат ва ҳомийлар томонидан бепул тарқатилаётган озиқ-овқатларни ва бошқа маҳсулотларни талаб қилаётганларга қараш кифоя. Бундай аҳволга чек қўйиш учун озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни олаётганлар рўйхатини қатъий юритиш лозим. Кетма-кет шундай ёрдам олаётган тўрт мучаси соғ “камбағаллар”ни аниқлаб, уларни мажбурий ишларга жалб этиш керак. Ўшанда улар бир кило унга етадиган пулни ҳам ишлаб топиш қийин эканлигини тушунишади. Шундай қилинса, тўрт мучаси соғ еб ётар “камбағаллар” камаяди ва кўрсатилаётган ғамхўрликлар ногиронлар, кўчага чиқа олмай қолган кексаларимизга етиб боради.
Синов даври барчамизнинг ҳамжиҳатликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб ҳаракат қилишимизни талаб қилади. Афсуски, беш бармоғимиз баравар эмас. Пойтахтимизда машиналар ҳаракатига чеклов қўйилишидан бир кун олдин пешинда бозорга кирдим. Бозордаги картошка, пиёз, сабзи расталаридаги пештахталар бўм-бўш. Фақат юк машиналарида картошка сотиладиган жойларда навбат турнақатор. Бозордан чиқаётганимда бир киши сўради: “Нима харид қилдингиз?” “Ҳеч нарса, эртага оларман”, – дедим.
Кечқурун интернет сайтларини кузатдим ва бир аёл нидосига қулоқ тутдим: “Сизларнинг ошқозондан бошқа аъзоларингиз ҳам ишлайдими? Бошни нега кўтариб юрибсизлар? Эрта-индин янги картошка чиқади, қайси ақл билан қоплаб картошка олдиларинг?..” Афсуски, ҳамма шундай фикрлай олмади. Шукурки, эртаси куни бозорда “Ким олади картошкани-ё” қўшиғи янгради.
Карантиннинг дастлабки кунларидан давлат ва саховатпешаларимиз томонидан ижтимоий аҳволи оғир кишиларга бепул бирламчи озиқ-овқатлар тарқатиш йўлга қўйилди. Бундай кенг кўламли саховат ортида катта маблағ борлигини билган билди, билмаганлар билмасвойлигича қолишди. Телеэкранда бир аёлнинг кўчада халтадаги озиқ-овқат маҳсулотларини бир-бир олиб нолиётганини кўрсатишди: “Қанча навбатда турдим, берган нарсаларини қаранг. Бир кило гўшт, бир литр ёғ, бир кило гуруч, бир кило шакар, бир кило ун... Бу биздай камбағаллар устидан кулиш эмасми?”
Ҳақли савол туғилади: “Ўз оиласининг ризқидан қийиб сенга шу нарсаларни берган саховатпешага раҳматинг шуми? Сен саховатпешанинг бир отар қўй ва бир пода молни ҳайдаб келиб, хоҳласангиз қўйни, хоҳласангиз молни сўйиб енг, дейишини кутганмидинг? Ё ёғ заводининг калитини бериб, хоҳласангиз челаклаб, хоҳласангиз бочкалаб олинг, дейиши керакмиди? Ё гуруч, шакар, ун юкланган вагонларни судраб келиб, хоҳласангиз қоплаб олинг, хоҳласангиз вагони билан деб айтса, кўча ўртасида нолимасмидинг?” Яна қадимий ҳикмат эсга тушади: “Кўзи оч, нафси бир қулоч кимсани тўйдириб бўлмайди.
Ҳолбуки, минг йилдан буён замин узра ҳукамо Абу Зайд ҳикояти янграяпти: “Балхлик йигит менга: “Ўзларингизнинг зуҳд-тақволарингиз ҳақида гапириб бергин”, деган эди, мен айтдим: “Топсак еймиз, топмасак сабр қиламиз”. Шунда у деди: “Бизда Балхнинг итлари шундай қилади, биз эса топмасак сабр қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз”. Ўша аёл “Бу озиқ-овқатларга мендан ҳам муҳтожроқлар бордир”, дея ўйлар олармикин? Шукурки, шундай ўйлайдиган юртдошларимиз кўп. Улар ўша куни хайрия тадбирига келишмаган. Бироқ, уларнинг орасида ўша аёлдан муҳтожроқлари ҳам бўлган.
Ўтган йилларда давлатимиз томонидан болалари билан уйсиз қолган ёлғиз аёлларга уй берилди. Буни эшитган айрим аёллар уйини қариндоши номига ўтказиб, уй талаб қилди. Бошқалари қариндошларини вақтинча кўчириб келиб, менга уй керак деб томоша кўрсатишди... Хайрият, уларга ўхшаш “муҳтожлар” кўпайиб кетгани учун томошага чек қўйилди. Лекин муҳтожлар орасида уч ёш боласи билан ижарада яшаётган аёл ҳам бор эди, у ҳам ариза берганди. Фақат у мендан муҳтожроқлар бордир деб ўйлагани учун ҳеч кимни безовта қилмади. Шукурки, шундай аёлларимиз бўлгани учун аёл муқаддас, ҳаёт давом этмоқда!

Телеэкранда Иккинчи жаҳон урушига оид қалбларни ларзага соладиган воқеа ҳикоя қилинди. Фашистлар жанг пайтида асир олинган ўзбекларни қамоқхонада бир неча кун очликда сақлашади. Кейин кинооператорларни қамоқхонанинг бир четига тизиб, асирларни олиб чиқишади. Олдиларига бир буханка нон ташлашади. Уларнинг мақсади нон талашаётган асирларни тасвирга олиб, “кўриб қўйинглар, маданиятдан орқада қолганларни маданиятли қилиш учун уруш қиляпмиз”, дейиш эди. Асирлар жойларида қолишди. Таржимон нонни енглар дегандан кейингина ёш асир келиб нонни олган, пешонасига сурган, чангларини тозалаб, ёши катта асирга келтириб берган. У нонни барча асирларга тенг бўлган. Нон бўлакларини олишса ҳам бошқалар кутиб туришган. Ўша ёши катта асир нон ейишни бошлагандан кейингина ўзларининг бўлакларини оғзига солишган. Ўзбекларнинг ана шундай юксак қадриятларидан умуман бехабар фашистлар карахт аҳволга тушган ва кинооператорларни етаклаб қамоқхонадан чиқиб кетишган.
Гап уруш ҳақида кетганда ҳурматли олимамиз Зарифа Саидносированинг турмуш ўртоғи Ойбек домлага бағишланган хотира китобидан парча келтираман:
“Инсон ҳар қандай қийинчиликни кўтарар экан. Очликдан ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам ўлмаслиги учун нималарни қилмадик. Ойбек ана шундай мушкул бир шароитда “Навоий” романини ёзарди. Бир кеча ёдимда, Ойбек ёзиб ўтирарди.
– Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, – деб қолди у.
Мен нима дейишни билмайман, уй қуп-қуруқ эди.
– Бирор нарса йўқми? – сўради Ойбек.
Ўрнимдан туриб, ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакарни аралаштириб, дастурхонга тортдим. Ойбек ҳазратлари озгина еди ва деди:
– Эрталаб болаларга берарсан.
Менга боқиб жилмайди-да, тағин ёзувга киришди”.
Биз борига шукур қилган, топганини ўзидан муҳтожроқларга берган, битта майизни қирқ бўлиб еган, болаларига илинганидан томоғидан овқат ўтмайдиган буюк халқнинг авлодларимиз. Ҳозирги шароитда халқимизнинг ана шундай юксак фазилатларини янада яққолроқ намоён этишимиз кераклигини унутмайлик.
Айримлар коронавирус пандемиясини Учинчи жаҳон урушига қиёслаяпти. Эҳтимол, улар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар сонини билмас. Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги йўқотишларини UzA.uzда эълон қилинган “Ғалаба боғи”га ғолиблар номи ёзилса...” мақоласида бироз ёзганим учун такрорламоқчи эмасман. Фақат шуни таъкидлайман, жанглар биздан узоқда кечса ҳам юртимизда урушдан талафот кўрмаган бирор оила қолмаган. БМТ маълумотларига мурожаат қиламан, Иккинчи жаҳон урушида собиқ иттифоқдан 11 миллионга яқин аскар-зобит, жанг кечган жойларда тинч аҳолидан 18 миллион киши ҳалок бўлган. Жаҳон бўйича эса, уруш 24,5 миллион аскар-зобит, жанг кечган жойларда тинч аҳолидан 47 миллион киши ҳаётига зомин бўлган. Ҳа, уруш ўлдириш ва вайрон қилишдир. Жанг бўлган жойларда айрим шаҳарча-қишлоқларда бирон тирик мавжудот, уй-жой қолмаган, ўрни тутаб турган култепага айланган.

Интернет тармоғида шундай сўзларни ўқидим: “Бизга футболчилардан кўра, шифокорлар қадрлироқ эканини тушундик”. Чиндан ҳам юртимизда коронавирусга қарши кечаю кундуз юзма-юз курашаётган фидойи шифокорларимизга қанча ташаккур айтсак ҳам оз. Тўғри, шу соҳага адашиб келиб қолган, шайтон васвасасига учганларини кўрганда ҳафсаламиз пир бўлгандир. Лекин улар шифокорлар пок номига, эгнидаги оқ кийимига доғ тушира олмайди. Саломатлигимиз посбони бўлган азиз шифокорлар, сиздан ҳамиша миннатдормиз.
Ҳозирги кунда карантиннинг олтин қоидаси: “Уйда қолинг” сўзлари тез-тез такрорланаётгани айни муддаодир. Биз уйдамиз, лекин бу чой, овқат еб, диванда думалаб ётиш дегани эмаслигини биламиз. Ота-оналар фарзандлари таълим-тарбияси билан шуғулланишяпти, ўзлари ҳам китоб ўқиб, фойдали кўрсатувларни томоша қилиб, эшиттиришларни тинглаб дунёқарашини кенгайтиряпти, маънавий хазинасини бойитяпти. Ижодкорларимиз эса “Навоий” романидай, “Мени кутгил” таржимасидай, “Алишер Навоий”, “Жалолиддин Мангуберди” каби спектакллардай шоҳ асарларни яратиш иштиёқида изланишяпти...
Заҳматкаш деҳқонларимиз ҳам уйида – далада. Чунки деҳқон эрта баҳор далага чиқади ва кузакда қайтади. Даласи унинг уйи. Улар ниқоб кийиб, даласига барака уруғларини қадаяпти, чигит экяпти, келгуси мўл ҳосил учун замин тайёрлаяпти. Чорвадорларимиз ҳам уйида – яйловда. Уларга ҳам яйлови уйи. Деҳқонларимиз, чорвадорларимиз ўз уйларида сермашаққат ишлари билан қизғин банд эканлар, демакки, мева-сабзавотда ҳам, гўшт ва сут маҳсулотларида ҳам узилиш бўлмайди.
Имоним комил, биз ҳамжиҳатликда халқимизнинг боқий қадриятларига амал қилган ҳолда синов давридан руҳан покланиб, маънан юксалиб ўтишга қодирмиз. Тез кунларда яна Ҳазрати Имом мажмуасига зиёратга келганлар Ҳақнинг барҳақлигига имон келтирадилар, салобат тўкиб турган Амир Темур бобомиз ҳайкали “Куч адолатда” эканини таъкидлайди, кўк билан бўйлашган “Хилтон” меҳмонхонасининг сўлим хиёбони хам шаҳарларимиз ва меҳмонларимиз билан гавжум бўлади... Мана шундай файзиёб кунлар тезроқ келиши учун бугун ҳаммамиз карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя этишимиз шарт. Шунда ўзимизни, болаларимизни, яқинларимизни коронавирус касали хавфидан асраймиз ва юртимизда тезроқ бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари бошланишига, жўшқин ҳаёт баравж давом этишига замин яратамиз.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.