Шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида шудгорлаш ишларини сифатли амалга оширишнинг муҳим жиҳатларига бағишланган вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида шудгорлаш ишларини сифатли амалга оширишнинг муҳим жиҳатларига бағишланган вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди.Фермерлар, муқобил машина-трактор парклари ҳамда қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари, механизаторлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда 2017 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларини тегишли равишда ташкил этиш ва ўтказиш комплекс чора-тадбирлари ижросини тўлақонли таъминлаш бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
– Мўл ҳосилга замин ерни шудгорлашда яратилади, – дейди вилоят муқобил машина-трактор парклари бирлашмаси раҳбари Ортиқмат Мамадумаров. – Мазкур агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш деҳқон ва механизаторлардан катта масъулият, етарли тажриба ва омилкорлик талаб этади. Зеро, шудгорлашда ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлими, ернинг бонитет бўйича опробатик таҳлили кўрсаткичлари, гидромелиоратив ҳолати ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олиниши шарт. Бунда фермерларга мутахассисларнинг амалий ва назарий кўмаги қўл келади. Ушбу семинардан кўзда тутилган мақсад ҳам бу борада ҳамкорликда бажариладиган ишлар бўйича тажриба алмашишдир.
Чортоқ туманидаги 169 фермер хўжалиги тасарруфидаги 2 минг 350 гектар майдонда 2017 йил ҳосили учун замин яратиш мақсадида шудгорлаш мавсумига пухта тараддуд кўрилмоқда. Мазкур агротехник тадбирни тизимли ўтказиш учун туман бўйича ташкил этилган ўн икки отрядга 18 ҳайдов трактори бириктирилган. Уларга техник хизмат кўрсатиш мақсадида 3 кўчма устахона, 9 кўчма ёнилғи қуйиш шохобчаси ташкил этилган. Шунингдек, механизаторлар учун уч маҳал иссиқ овқат ва бошқа маиший шароитлар яратилгани шудгорлаш отрядларининг икки сменада ишлашини таъминлайди.
Иштирокчилар тумандаги “Собиржон Камолиддин” фермер хўжалигида бўлиб, бу борада кўрилган чора-тадбирлар билан танишди. Кузги шудгорлаш ишлари бўйича ушбу хўжалик тажрибаси асосида муҳим агротехник тадбирни вилоятнинг барча туманларида ташкил этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Жорий йилда вилоят бўйича 83 минг 400 гектар майдонни шудгорлаш режалаштирилган бўлиб, 500 дан зиёд ҳайдов трактори мавсумга тахт қилиб қўйилган.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.