Шўрчилик миришкор деҳқон 40 килограммлик ошқовоқ етиштириш арафасида
Қовоқ — инсон саломатлиги учун фойдали витаминларга бой, озиқ-овқат ва чорвачиликда кенг қўлланиладиган қадимий экинлардан бири. Бироқ, унинг ҳақиқий ҳосилдорлик салоҳиятини очиш учун анъанавий усуллардан воз кечиб, илмий асосланган агротехникага ўтиш талаб этилади. Экиш муддатларини тўғри белгилаш, ерни тайёрлаш ва самарали суғориш тизимларини жорий этиш орқали ҳар гектар майдондан кутилганидан бир неча баробар кўп маҳсулот олиш мумкин.
Шўрчи туманининг Бобур маҳалласида яшовчи миришкор деҳқон Холбой Қурбонов полизчилик билан узоқ йиллардан буён шуғулланади. У ҳар бир мавсумни янги тажриба ва эзгу мақсад билан бошлайди. 2022 йилда у етиштирган 35 килограммлик ошқовоқ нафақат маҳалла, балки бутун республикамиз аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотган эди. Ўша пайтда кўпчилик буни тасодиф деб ўйлади. Аммо бу йилги ҳосил бир ҳақиқатни яна бир бор исботламоқда: катта натижа тасодиф эмас, изчил меҳнат самарасидир.
Бу йилги полиздаги айрим ошқовоқларнинг вазни эса 32 килограммдан ошган. Улар ҳали тўлиқ пишмаган.

–Агар табиат инжиқлик қилмаса, куз фаслига бориб бу ошқовоқларнинг вазни 40 килограмм ёки ундан ҳам ортиши мумкин, – деди Холбой Қурбонов. – Кўпчилик мендан: "Қандай уруғ экдингиз?" деб сўрайди. Мен эса доим бир гапни айтаман: аввало, ерга меҳр экиш керак. Ер меҳрни ҳис қилади. Агар деҳқон эринмаса, ҳар куни ниҳолнинг ҳолидан хабар олса, ҳосил ҳам шунга яраша бўлади. Ҳосилнинг сири — ерга бўлган муҳаббат. Биз "Пакнок" навли ошқовоқ экиб, уни органик ўғитлар билан парваришладик.
Бу нав йирик мева тугиши билан ажралиб туради. Лекин уруғнинг ўзи натижа бермайди. Уни ўз вақтида суғориш, органик ўғит билан озиқлантириш, ортиқча меваларни сийраклаштириш ва ҳар бир ниҳолни алоҳида парвариш қилиш лозим. Ана шундай меҳнат эвазига бугун 32 килограммдан ошган ошқовоқларни етиштирдик. Насиб этса, кузга бориб уларнинг вазни 40 килограммга етади.
–Холбой аканинг томорқаси кичик бир сайлгоҳни эслатади, –деди журналист Нигина Шоева. – Қизиққанлар келиб, улкан ошқовоқлар билан суратга тушмоқда. Деҳқондан тажриба ва маслаҳат олмоқда. Юртимизда томорқадан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда оилалар даромадини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Холбой Қурбоновнинг меҳнати ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси. Ҳар бир қарич ерга меҳр билан қаралса, у албатта барака беради. Ҳар бир ниҳолга эътибор берилса, у мўл ҳосил билан жавоб қайтаради.
Шўрчилик миришкор деҳқон етиштираётган улкан ошқовоқлар шунчаки полиз маҳсулоти эмас. Улар меҳнат, сабр, фидойилик ва Ватанга муҳаббатнинг ёрқин тимсолидир. Куз фаслида вазни 40 килограммга етиши кутилаётган бу ошқовоқлар, шубҳасиз, яна кўплаб инсонларни ҳайратга солади.
Аммо ундан ҳам муҳими, улар ёш авлодни меҳнатсевар бўлиш, ерни қадрлаш ва ҳалол меҳнатнинг қадрига етишга ундайди. Бир қарашда оддий ошқовоқдек туюлган бу ҳосил ортида минглаб машаққатли меҳнат соатлари, сабр-тоқат, тажриба ва ерга бўлган чексиз меҳр мужассам. Бу эса нафақат деҳқоннинг шахсий ютуғи, балки Шўрчи деҳқонларининг меҳнатсеварлиги ва миришкорлигининг яна бир ёрқин исботи бўлади.
Бугунги глобал иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг камайиши шароитида қишлоқ хўжалигида кам харажат ва кам сув талаб қиладиган, аммо юқори даромад келтирадиган экинларни танлаш долзарб масалага айланди. Юртимиз иқлимига тўлиқ мос келувчи ушбу серҳосил ўсимлик нафақат ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш, балки экспорт ва қайта ишлаш саноатида ҳам катта салоҳиятга эга.
Гулноза Бобоева, ЎзА