Шўрчида писта дарахтлари ҳосилга кирди
Хандон писта – қурғоқчил шароитда ҳам яхши ўсиб-ривожланадиган мевали дарахт. У республикамизнинг деярли барча тоғ ва тоғолди ерларида ўсади. Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг туманларида ҳам хандон писта дарахти кўпайтирилмоқда.
Хусусан, Шўрчи туманининг "Қоқайди" маҳалласида яшовчи Ойсара Воҳидова ва унинг турмуш ўртоғи Алёр Абдуҳамидов мана 8 йилдирки, ўз томорқасининг 6 сотих ер майдонида Эрон пистасининг машҳур «Аҳмадий» навини парваришлаб келади.
– Писта экиш ҳақида ўйлаганимизда кўпчилик бу ишнинг натижасини узоқ кутишга тўғри келишини айтарди, – деди Ойсара Воҳидова. – Лекин биз сабр қилдик. Ҳар бир кўчатни фарзандимиздек парваришладик. Бугун меҳнатимиз самарасини кўриб турганимиздан хурсандмиз. Энди ҳосилдор навларни кўпайтириш ва кўчатчиликни ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Орадан олти йил ўтиб, томорқадаги 40 туп писта дарахтимиз ҳосилга кирди. Бу эса оиламизнинг кўп йиллик меҳнати ва интилишларининг амалий натижаси бўлди. Дастлабки йилларда ҳар бир дарахтдан ўртача 4-5 килограммдан, жами 120 килограммга яқин ҳосил олдик. Албатта, буни янада кўпайтириш ниятидамиз. Асосий мақсадимиз ҳосилдорликни янада ошириш ва писта етиштириш тажрибамизни кенгайтиришдир.

Шунингдек, пистачилик ортидан иш ўрнини яратиб, маҳалламиздаги ёшларига ҳам шу меҳнат ортидан даромад олишларини таклиф қилмоқчимиз. Шу мақсадда селекция ишларини олиб боряпмиз, ҳосилдор навларни пайванд қиляпмиз. Бугунги кунда иқлимимизга мослашган минг тупдан ортиқ писта кўчатларини парваришлаяпмиз.
– Ойсара Воҳидова ва унинг оиласини узоқ йиллардан буён танийман, – дейди журналист Нигина Шоева. – Улар меҳнатсеварлиги, сабр-тоқати ҳамда тадбиркорликка хос ёндашуви билан мана неча йилдирки, ҳамқишлоқлари орасида ҳурмат қозониб келмоқда. Ойсара опа бир неча йил аввал оддий томорқада катта орзулар билан писта ниҳолини эккан эди. Бугун эса ўша орзулар илк ҳосилини бериб, меҳнатнинг ширин меваси намоён бўлди.
Бу иш осон кечмади. Чунки писта дарахти сабр талаб қиладиган, йиллар давомида парвариш қилиниши лозим бўлган дарахтлар қаторига киради. Кўчатларни суғориш, уларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, тупроққа ишлов бериш каби ишлар мунтазам амалга оширилди. Шунинг ҳисобига, бугун Ойсара Воҳидованинг томорқаси яшилликка бурканган. Бир пайтлар кичик кўчат бўлган дарахтлар энди мустаҳкам илдиз отиб, ҳосил бермоқда. Томорқадаги ҳар бир дарахт оила аъзоларининг меҳнати, умиди ва келажакка бўлган ишончини ўзида мужассам этган.
Олти йиллик интизорликдан сўнг олинган илк ҳосил томорқада унган орзунинг рўёби бўлди. Бугун бу хонадон нафақат ўз эҳтиёжини қондирмоқда, балки келажакда писта кўчатчилиги ва ҳосил етиштиришни янада кенгайтиришни мақсад қилган. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун даромад манбаи яратиш ва томорқадан самарали фойдаланишнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, писта қурғоқчиликка чидамли, иқтисодий жиҳатдан даромадли ва экологик аҳамиятга эга экинлардан бири ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда аҳоли томорқаларида ва деҳқон хўжаликларида писта етиштиришга қизиқиш ортиб бормоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО) маълумотига кўра, жаҳон бозорида хандон писта меваси ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баробар қиммат баҳоланади. Биргина Италияда хандон пистанинг 1 тоннаси — 13 371, Францияда 1 тоннаси — 10 263 ва Туркияда 1 тоннаси 10 156 АҚШ долларига баҳоланади. Эътиборлиси, ушбу давлатларда етиштирилган хандон писталар бошқа мамлакатларникига қараганда 2-3 баравар қимматроқ сотилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА